Жаҳон | 00:30 / 14.09.2024
3678
3 дақиқада ўқилади

Конгода давлат тўнтаришига уриниш иши бўйича 37 киши ўлим жазосига ҳукм қилинди

Орасида Америка, Британия, Белгия ва Канада фуқаролари бўлган шахслар май ойида мамлакат раҳбари Феликс Чисекедининг қароргоҳи ва уйига уюштирилган ҳужумни ташкиллаштиришда айбдор деб топилган.

Конго Демократик Республикаси президентини ҳокимиятдан ағдаришга уринган 37 киши, жумладан, уч нафар Америка, Британия, Белгия ва Канада фуқаролари ўлим жазосига ҳукм қилинди.

Қайд этилишича, улар май ойида мамлакат раҳбари Феликс Чисекедининг президентлик қароргоҳи ва уйига уюштирилган ҳужумни ташкиллаштиришда айбланган.

Тайлер Томпсон (ўнгда) — ўлимга ҳукм қилинган уч нафар АҚШ фуқаросидан бири
Фото: AFP

Фитна раҳбари экани тахмин қилинган АҚШ фуқароси Кристиан Маланга бошқа беш нафар фуқаро билан ҳужум вақтида ўлдирилган. Ҳарбий судда жами 51 кишининг иш кўрилган бўлиб, эшитувлар миллий телевидение ва радио орқали эфирга узатилган.

Маланганинг ўғли Марсел ўлим жазосига ҳукм этилди — унинг отаси фарзандига агарда исёнда иштирок этмаса ўлдириш билан таҳдид қилган. Унинг дўсти ҳисобланган Тайлер Томпсон ҳам ўлим жазосига ҳукм қилинган. 20 ёшли йигитлар АҚШнинг Юта штатида биргаликда футбол ўйнаб келган.

Учинчи америкалик Бенжамин Залман-Полуннинг эса Кристиан Маланга билан бизнес манфаатлари бўлган. Шунингдек, Конго Демократик Республикаси ва Белгия фуқароси бўлган Жан-Жак Вондога ҳам юқоридагидек ҳукм чиқарилган.

Мамлакатда ўлим жазоси тахминан 20 йилдан бери ҳеч кимга қўлланилмаган — бундай жазога ҳукм этилганлар умрбод қамоқда қолиб келаётган эди. Ҳукумат жорий йилнинг март ойида ушбу мораторийни мамлакат армиясидаги «хоинларни» йўқотиш баҳонасида олиб ташлаган. 

Конго Демократик Республикаси пойтахти Киншасада давлат тўнатишига уриниш 19 май тонгида амалга оширилган. Қуролланган шахслар парламент спикери Витал Камерхнинг уйига ҳужум уюштирган, кейин эса президентнинг расмий қароргоҳи томон йўл олган. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, ҳарбий кийимда бўлган 20 кишидан иборат гуруҳ саройга ҳужум уюштирган ва натижада отишма юз берган. Армия вакили кейинроқ миллий телевидение орқали хавфсизлик кучлари «давлат тўнатиришига уринишни» бартараф этганини маълум қилган.

Мавзуга оид