Жаҳон | 11:12 / 14.09.2024
7606
3 дақиқада ўқилади

Европа давлатлари зудлик билан ноқулай об-ҳавога тайёргарлик кўришни бошлади

Чехиядаги кучли ёғингарчилик қўшни Полша, Германия, Австрия ва Словакияда ҳалқа реакциясига олиб келади, дея огоҳлантирмоқда метеорологлар. Бавария Алпларида кучли қор ёғиши кутилмоқда.

Фото: Reuters

Марказий Европа давлатларининг муҳим қисми шу дам олиш кунларида юзага келиши мумкин бўлган сув тошқинларига шошилинч тайёргарлик кўрмоқда. 13 сентябр, жума куни эълон қилинган маҳаллий метеорология станцияларининг маълумотларига кўра, Чехиядаги кучли ёмғир қўшни Полша, Германия, Австрия ва Словакияда салбий табиий оқибатларга олиб келиши мумкин. Хусусан, Полша-Чехия чегарасидаги тоғли ҳудудларда яқин 72 соат ичида 400 ммгача ёғингарчилик кутилмоқда.

Полша расмийлари аллақачон мамлакатнинг жанубий ҳудудлари - Қуйи Силезия, Силезия ва Ополе воеводлигида ноқулай об-ҳаво ҳақида огоҳлантиришнинг энг юқори даражасини эълон қилган, Вроцлав шаҳри мэри ушбу масала бўйича инқироз қўмитасини чақирган. 1997 йилда Одер дарёси қирғоқларидан тошиб, Вроцлавнинг учдан бир қисмини сув босганди. «Жумадан якшанбага қадар сув тошқини хавфи мавжуд», - деб хабар берди Полша метеорология хизмати.

Чехияда сўнгги 20 йилдаги энг кучли ёмғир кутилмоқда

Чехия Республикасида синоптиклар шарқий Моравия минтақасида кучли ёмғир ва тезлиги соатига 100 километргача бўлган шамол ҳақида огоҳлантирди. У ердаги шаҳарлар фаол равишда тошқин тўсиқларини ўрнатиб, яқинлашиб келаётган офатга қарши курашиш учун қум қопларини тайёрламоқда.

Чехия атроф-муҳит вазири Петр Хладик вазиятни 1997 ва 2002 йиллардаги сув тошқинлари ўнлаб одамларнинг ўлими ва миллиардлаб евро зарарга олиб келган ҳолатлар билан таққослади. 2002 йилда бўлгани каби, Чехия Республикасидаги ёмон об-ҳаво Германиянинг чегара ҳудудларига, хусусан, расмийлар Элба дарёси устидаги кўприкнинг қулаши оқибатларини бартараф этишга уринаётган Дрезден шаҳрига таъсир қилиши мумкин.

Чехия расмийлари аллақачон Чехия Республикасидан Саксония федерал ерига оқиб ўтувчи Элбадаги сув сатҳини чеклаши ёки камайтира олмаслиги ҳақида огоҳлантирган.

Германия, Австрия ва Словакия сув тошқинига тайёрланмоқда

Чехия Республикаси билан чегарадош Австрия ва Словакия ҳукумати ҳафта охирига режалаштирилган тадбирларни бекор қилди ва фавқулодда хизматларни қўллаб-қувватлаш учун ҳарбий хизматчиларни юборишга тайёрланмоқда.

Австрия канцлери Карл Нехаммер икки кун аввал 1000 га яқин аскар шай ҳолатда эканлигини айтди, чунки ORF давлат телерадиокомпанияси Дунай дарёси ёғингарчилик туфайли беш ёки ҳатто ўн йилликдаги энг юқори даражага кўтарилишини тахмин қилди. Словакия ҳукумати, ўз навбатида, узунлиги беш километрдан олти километргача бўлган кўчма тўғонларни жойлаштиришга тайёр, Словакия армияси ва кўнгилли ўт ўчириш бригадалари ҳам шай ҳолатда.

Айни пайтда, Бавариядаги Алп тоғларининг бир қисмида 60 ммдан 100 ммгача ёғингарчилик кутилмоқда, Немис метеорология хизмати (DWD) йилнинг биринчи кучли қор ёғишини прогноз қилмоқда, 1500 метрдан юқори ҳудудларда эса 50 сантиметргача қор ёғиши кутилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид