Туризм | 08:18
754
2 дақиқада ўқилади

Европа аҳолиси қайси мамлакатларда ўзини хавфсиз ҳис қилади?

Европа давлатлари орасида аҳолининг тунда ёлғиз юрганда ўзини энг хавфсиз ҳис қилиши бўйича Хорватия биринчи ўринни эгаллади. Рейтинг Numbeo платформасининг аҳолининг субъектив хавфсизлик ҳиссига оид маълумотлари асосида тузилган.

Фото: AP

Хавфсизлик ҳисси мамлакатдаги ҳаёт сифатига таъсир қилувчи муҳим омиллардан бири ҳисобланади. Шу билан бирга, фуқароларнинг ўзини хавфсиз ҳис қилиши ҳар доим ҳам жиноятчилик бўйича расмий статистикага мос келавермайди.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, бундай кўрсаткичларга шаҳар кўчаларининг ёритилиши, инфратузилма ҳолати, оммавий ахборот воситаларидаги жиноятлар ҳақидаги хабарлар ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятининг кўриниши каби омиллар таъсир қилади.

Numbeo маълумотларига кўра, Европа мамлакатлари орасида тунда ёлғиз сайр қилганда ўзини энг хавфсиз ҳис қиладиган аҳоли Хорватияда яшайди. Мазкур мамлакат 75,93 балл тўплаган.

Рейтингнинг юқори қисмида Словения (73,74 балл), Исландия (71,55 балл), Черногория (70,46 балл) ва Эстония (69,69 балл) ҳам ўрин олган.

Аксинча, Франция аҳолиси ўзини энг кам хавфсиз ҳис қиладиган давлатлардан бири сифатида қайд этилган. Бу мамлакат 35,23 балл билан рейтингнинг қуйи қисмида жойлашган.

Энг паст кўрсаткичларга эга давлатлар қаторига Белгия (40,79 балл), Буюк Британия (41,71 балл), Ирландия (42,23 балл) ҳамда Беларус (42,87 балл) кирган.

Россия эса 51 балл билан рейтингнинг қуйи қисмига яқин жойлашган бўлиб, Албания ва Германия ўртасидан ўрин олган.

Тадқиқот муаллифлари қайд этишича, мазкур рейтинг расмий жиноятчилик даражасини эмас, балки аҳолининг шахсий хавфсизлик ҳақидаги тасаввурлари ва кундалик тажрибасини акс эттиради.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид