Жаҳон | 20:10 / 15.09.2024
4783
2 дақиқада ўқилади

Сербияда мажбурий муддатли ҳарбий хизмат қайта тикланади. Унда аёллар ҳам хизмат қилиши мумкин бўлади

Сербия муддатли ҳарбий хизматни 2011 йилда бекор қилиб, профессионал армия тузишни бошлаган эди. Энди мамлакатда муддатли ҳарбий хизмат 75 кун давом этади ва эркаклар учун мажбурий бўлади.

Фото: Reuters

Сербия президенти Александр Вучич муддатли ҳарбий хизмат ўташни қайта тиклашга оид ҳужжатни имзолади. «Умид қиламанки, барчангиз бизга кучли армия кераклигини, кўпроқ қурол ишлаб чиқаришимиз ва сотиб олишимиз зарурлигини тушунасиз», — дея Вучич ўз қарорини изоҳлади.

Қайд этилишича, мамлакатда муддатли ҳарбий хизмат 75 кун давом этади ва эркаклар учун мажбурий бўлади. Шунингдек, кўнгилли аёллар ҳам муддатли ҳарбий хизматни ўташи мумкин. «Биз ҳеч кимга ҳужум қилмоқчи эмасмиз. Бундай қилмаймиз. Аммо биз ҳар куни тинмасдан бизга таҳдид қилаётганларни қўрқитиб қўймоқчимиз», — дейди Вучич.

Сербияда мажбурий муддатли ҳарбий хизмати 2011 йилда бекор қилиниб, профессионал армияга эътибор қаратилган. Президент баёнотидан олдин мамлакатда 2025 йилдан муддатли ҳарбий хизмат қайта жорий этилиши мумкинлиги ҳақида бош вазир Милош Вучевич ҳам маълум қилганди. Вучичнинг қарори кучга кириши учун у ҳукумат ва парламент томонидан маъқулланиши керак.

Сербия — Европа Иттифоқи аъзолигига номзод ҳисобланади, аммо бу Белградга Москва билан алоқалар ўрнатишига тўсқинлик қилмаяпти. 4 сентябр куни Сербия бош вазири ўринбосари Александар Вулин Владивостокда ўтказилган Шарқий иқтисодий форумда Владимир Путин билан учрашиб, мамлакатга Россия газини етказиб бериш бўйича шартномани янгилаш таклифини берган эди.

Европа Иттифоқи Вулиннинг Путин билан учрашувини қоралади, аммо Сербия бош вазири Милош Вучевич бунда «ҳеч қанақа даҳшатли нарсани» кўрмаётганини маълум қилди. «Биз Россия билан дипломатик муносабатларни узмаганмиз, унинг вакиллари билан учрашиш ҳеч кимга тақиқланмаган», — дейди Вучевич.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид