Жаҳон | 19:59 / 15.09.2024
2770
2 дақиқада ўқилади

Венесуэла АҚШни мамлакатда давлат тўнтаришига тайёргарлик кўраётганликда айблади

Венесуэлада давлат тўнтаришига тайёргарлик кўришда айбланиб олти нафар чет эл фуқароси қўлга олинди. Уларнинг уч нафари АҚШ фуқаролари бўлиб, гумонланувчилардан 400 дан ортиқ қурол мусодара қилинган.

Фото: AFP

Венесуэлада давлат тўнтаришига тайёргарлик кўришда айбланиб олти нафар чет эл фуқароси қўлга олинди. Ҳукумат мамлакатдаги вазиятни беқарорлаштиришга АҚШнинг алоқаси борлигини таъкидламоқда.

Қўлга олингаyлар орасида уч нафар Қўшма Штатлар, икки нафар Испания ва бир нафар Чехия фуқароси бор. Венесуэла ички ишлар вазири Диосдадо Кабелонинг сўзларига кўра, ушбу хорижликлар мамлакат раҳбари Николас Мадуро ва унинг ҳукуматига қарши «зўравонлик акти»ни тайёрлаган.

Ҳуқуқ-тартибот органлари гумонланувчилардан Америкада ишлаб чиқарилган 400 дан ортиқ қуролларни мусодара қилган. «АҚШ ҳукуматининг бу ишга алоқаси борлигини биламиз», — дейди вазир. Бундан ташқари, Кабело матбуот анжумани давомида Франция ва Шарқий Европа ёлланма жангчилари Венесуэлага ҳужум уюштиришни режалаштирганини эслаб ўтган.

АҚШ Давлат департаменти вакили Венесуэла ҳукуматининг барча айбловларини рад этиб, уларни «мутлақо ёлғон» деб атади. Шу билан бирга, Америка томони Венесуэлада АҚШ қуролли кучлари ҳарбий хизматчиси ҳибсга олинганини тасдиқлади.

Каракас ва Вашингтон ўртасидаги муносабатлар июл охирларида Венесуэлада ўтказилган президентлик сайловларидан кейин кескинлашди. Халқаро танқидлар ва мухолифатнинг овоз бериш жараёнларига таъсир кўрсатилгани борасидаги айбловларига қарамай, Николас Мадуро президент этиб сайланди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Мадуронинг легитимлигини қабул қилишдан бош тортди, мамлакатда эса оммавий норозилик намойишлари бошланди.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид