Жаҳон | 23:30 / 19.01.2025
4495
3 дақиқада ўқилади

АҚШ Европага модификация қилинган ядровий авиабомбаларини жойлаштирди

НАТОга аъзо давлатлар базаларига B61-12 бомбалари жойлаштирилган бўлиб, уларнинг ҳар бирининг қуввати 50 килотоннага етади. Янги турдаги бомалардан F-35А, F-15E, F-16 ва Tornado қирувчилари ёрдамида фойдаланиш мумкин.

Фото: Flickr

АҚШ ўзининг Европадаги ядровий арсеналини янгилади. «B61-12 гравитацион бомбалари тўлиқ жойлаштирилди», — дейди Ядровий хавфсизлик миллий бошқармаси (NNSA) раҳбари Жилл Хруби.

B61 бомбалар оиласи — АҚШ ядровий арсеналидаги энг эски ва универсал қурол. B61-12 шу вақтгача фойдаланилган 3, 4, 7 ва 10 вариантлари ўрнига келди. Мазкур модел кичикроқ қувватга эга (50 килотоннагача), аммо унинг дум таянчи нишонни ишғол этиш аниқлигини оширади. Бомба самолётдан ташланса, нишон томон автоном ҳаракатланиши мумкин.

B61-12 бомбаларини ишлаб чиқариш 2021 йилда бошланган. Ўтган ҳафта NNSA ушбу бомбаларнинг 9 миллиард долларлик модернизация дастурини якунлаганини маълум қилганди. Хрубининг таъкидлашича, Пентагон охирги партияни декабрда олган. Энди NNSA қуввати 360 килотоннага етадиган B61-13 бомбаларини яратишга киришмоқчи. Уни ишлаб чиқариш 2026-молиявий йилдан бошланиши кутилмоқда.

Хрубига кўра, НАТО Украинага қарши бошланган урушдан кейин юзага келган «принципиал янги» ядровий ландшафт шароитида кучларини намойиш этмоқда. NNSA раҳбарининг таъкидлашича, Россия сўнгги бир неча йил ичида «қоидаларни қайта-қайта бузиб», стратегик барқарорликка путур етказган. Масалан, Запороже АЭСни эгаллаган, Беларусга тактик жанговар каллакларни жойлаштирган, Ядровий синовларни тўлиқ тақиқлаш тўғрисидаги шартнома ратификациясини бекор қилган, ядровий доктринани қайта кўриб чиққан ва космосга ядровий қурол жойлаштириш устида иш олиб бормоқда.

Шунингдек, Хитойдан келаётган чақириқлар фонида Хруби Вашингтон ва Лондоннинг мазкур соҳадаги стратегик шериклигининг аҳамиятини қайд этди. Ўтган йилнинг январида АҚШ Россия томонидан таҳдидлар ортгани сабаб Буюк Британияга ядровий қуролларни қайтаришга қарор қилганди. B61-12 бомбаларини Саффолк графлигидаги Лейкенхит базасига жойлаштириш режалаштирилган. Ҳозирда у B-2 Spirit стратегик бомбардимончиларига ўрнатилмоқда.

2023 йил ҳолатига кўра, Европада B61 оиласига кирувчи эски бомбалардан 100 га яқини сақланган. Улар 10-15 тадан Германия, Белгия, Нидерландия, Италия ва Туркиядаги базаларга жойлаштирилган. Янги B61-12 моделидан F-35А, F-15E, F-16 ва Tornado қирувчилари ёрдамида фойдаланиш мумкин.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид