Коронавируснинг янги варианти ХЕC тарқалмоқда: у олдингиларидан қандай фарқ қилади?
Олимлар дунё бўйлаб ковиднинг XEC номли янги варианти тарқалаётганидан огоҳлантирди. У тез орада коронавируснинг асосий турига айланиши ва олдингиларини сиқиб чиқариши мумкин.

Фото: AP
Ушбу вариант биринчи марта июн ойида Германияда аниқланган. Шундан бери ХЕCга чалиниш ҳолатлари Буюк Британия, АҚШ, Дания ва бошқа бир қанча мамлакатларда қайд этилган, деб ёзади америкалик олим, Scripps Research институти директори Эрик Топол Х тармоғида.
У ХЕCнинг тарқалиши “эндигина бошланаётганини” айтди.
“Бунинг учун бир неча ҳафта, эҳтимол бир-икки ой керак бўлади, кейин у мустаҳкамланиб, ўзининг алоҳида тўлқинини келтириб чиқаради”, — дея LA Times газетасига маълум қилди Топол.
“XEC асосий вариантга айланаётгани шубҳасиз. Чамаси, у кейинги асосий штамм бўлади. Бироқ унинг тарқалиши чўққига чиқиши учун бир неча ой вақт керак бўлади”, — деб таъкидлади Топол.
Олимларнинг айтишича, ХЕC ўзининг аввалги вариантларидан уни тезроқ тарқалишига ёрдам берувчи баъзи мутациялари билан фарқ қилади. Шунга қарамай, мавжуд вакциналар штаммнинг инсонлар саломатлигига жиддий таъсирига йўл қўймаслиги керак, деб ҳисоблайди улар.
Фармацевтика саноати коронавирусга қарши вакциналарни мунтазам янгилаб турибди, бироқ ҳали уларни янги вариантга мослаштиришга улгурмаган. Аммо бу мавжуд вакциналар янги вариантга қарши курашолмайди, дегани эмас.
Лондон Университет коллежининг Генетика институти раҳбари, профессор Франсуа Балу ХЕC тарқалиш борасида олдинги вариантларга қараганда “бироз устун” эканини, бироқ мавжуд вакциналар ундан ҳимояланишда самарали хизмат қилаётганини айтди.
Балунинг прогнозларига кўра, XEC келгуси қишда Covid-19 нинг асосий тури бўлиб қолиши эҳтимолдан йироқ эмас.
Аломатлари қандай?
Ковиднинг янги туридаги симптомлар илгари маълум бўлган турларидан фарқ қилмайди. Буларга юқори ҳарорат, тананинг турли қисмларидаги оғриқлар, ҳолсизлик, йўтал ёки томоқ оғриши киради.
Аксарият одамлар ковиддан кейин бир неча ҳафтада тузалиб кетади, аммо баъзиларида касаллик узоқроқ давом этади.
Дунёнинг барча мамлакатларида коронавирус билан касалланиш статистикасини кузатиб борувчи Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 2022 йилда COVID-19 пандемияси тугаганини эълон қилганди.
Пандемия бошланганидан то 2024 йилнинг июн ойи охиригача 775 миллиондан ортиқ касалланиш ҳолатлари ва 7 миллиондан ортиқ ўлим тасдиқланган, дейилади ЖССТ сайтида.
ЖССТ маълумотларига кўра, май ойининг охиридан июн охиригача 135 мингта янги коронавирус ҳолати қайд этилган бўлиб, бу кўрсаткич аввалги ойдагидан деярли фарқ қилмайди. Шу билан бирга, ушбу давр мобайнида вафот этганлар сони 2 мингдан ошган, бу эса аввалги даврга нисбатан 3 фоизга кам.
Пандемия тугаши ва ўлим даражасининг кескин пасайиши билан, ковидга тест топшираётган одамлар сони анча камайди. Шу сабабли, коронавирус тарқалишининг ҳозирги кўламини кузатиш қийинлашган.
Тавсия этамиз
Ёзда топ-клублар «талашиши» кутилаётган 11 ҳужумчи
Спорт | 15:30 / 01.04.2025
Контейнерни ўқув марказига айлантирган водиллик талаба ҳикояси
Жамият | 09:03 / 01.04.2025
Самарқанд шаҳрига кириш йўллари вақтинча ёпилади
Ўзбекистон | 21:35 / 30.03.2025
Дунё бўйлаб Рамазон ҳайити қандай кутиб олинди – фотолар
Жаҳон | 20:30 / 30.03.2025
Сўнгги янгиликлар
-
ЎзКейсСервис замонавий сервис марказлари ва рақамлаштириш тизими: Қишлоқ хўжалиги техникаларини таъмирлашда янги босқич
Ўзбекистон | 19:00
-
"БМТ эскирди, халқаро ҳамжамият муаммолар олдида ожиз" - Туркия элчиси
Ўзбекистон | 18:57
-
Ван Дамм Руминияда одам савдосига оид жиноий иш фигурантига айланди
Жаҳон | 18:55
-
Белгия дўконларида тамаки маҳсулотларини кўзга ташланадиган жойга қўйиш тақиқланди
Жаҳон | 18:44
Мавзуга оид

14:54 / 30.03.2025
Reuters: ЖССТ молиявий муаммолар сабаб ходимлари сонини қисқартиради

20:10 / 11.03.2025
ЖССТ: Ҳар йили ҳаво ифлосланиши оқибатида 7 миллионга яқин одам вафот этмоқда

00:47 / 07.03.2025
ЖССТ: 1 млрд инсон эшитиш қобилиятини йўқотиши мумкин

16:42 / 21.02.2025