Жаҳон | 21:22 / 19.09.2024
2862
2 дақиқада ўқилади

Чеченистон собиқ бош вазири мактабларда Дарвин назариясини тақиқлашни талаб қилди

Чарлз Дарвиннинг эволюция назариясини мактаб дастуридан чиқариб ташлаш керак, чунки у «диний таълимга зид» ва болаларнинг «маънавий таназзулига» ҳисса қўшади.

Фото: chechnya.gov.ru

Чарлз Дарвиннинг эволюция назариясини мактаб дастуридан чиқариб ташлаш керак, чунки у «диний таълимга зид» ва болаларнинг «маънавий таназзулига» ҳисса қўшади, дейди Чеченистон ҳукумати раисининг ёрдамчиси ва собиқ бош вазир Муслим Хучиев.

«Биз буни шунчаки олиб ташлай оламиз. Бу [Дарвин назарияси — таҳр.] ёлғон, бу диний таълимга зид, барча динлар буни тан олган. Уни дарсликлардан олиб ташлаш ва фарзандларимиз онгига сингдирмаслик учун яна кимлар тан олиши керак?» — дейди Хучиев Бутунроссия ота-оналар қўмитасининг биринчи йиғилишида. У таълим вазирлиги раҳбари Сергей Кравтсовга буни ўйлаб кўриш таклифини берди.

Инглиз табиатшуноси Чарлз Дарвин XIX ўрталарида замонавий эволюция назариясига асос солган. 1859 йилда эволюциянинг бош омили бу — табиий танланиш экани ҳақидаги назарияни илгари сурган. 1871 йилда олим инсоннинг маймунга ўхшаш аждоди бор деган хулосага келган. Бунга далил сифатида у одамлар ва приматларнинг анатомияси ҳамда физиологияси ўхшаш экани ҳақидаги мисолларни келтирган. «Турларнинг табиий танланиш йўли билан пайдо бўлиши» ҳақидаги китобида келтирилган хулосалар келажакдаги тадқиқотлар учун асос бўлиб хизмат қилган.

Россия диний идора вакиллари Дарвиннинг мазкур назариясини бир неча бор танқид қилган. Хусусан, 2019 йилда Оила масалалари, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича комиссиясининг ўша пайтдаги раҳбари вазифасини бажарувчи Дмитрий Смирнов бу ҳақда гапирганди.

Шу билан бирга, Москва давлат университети биология факултети антропология кафедраси доценти Станислав Дробишевскийнинг таъкидлашича, одамлар ва шимпанзелар геномининг ўхшашлиги 94-98 фоизни ташкил этади. Шунингдек, инсон ва маймуннинг ягона қон гуруҳи мавжуд бўлиб, бу ўзаро қон алмашиш имконини беради.

Мавзуга оид