Паралимпия баҳсларида икки нафар спортчимиз иккитадан медал соҳиби бўлди. Нурхон Қурбонова найза улоқтириш баҳсларида олтин, ядро улоқтиришдан эса бронза медали соҳиби бўлди. У Токио олимпиадасида кумуш ва бронза медали билан тақдирланганди. Эндиликда чемпион Лос-Анжелес ўйинларида икки олтин медални қўлга киритишни мақсад қилган.
Наманган вилояти Мингбулоқ тумани Довдуқ қишлоғида яшовчи чемпион ва унинг яқинлари мусобақа тафсилотлари, бундай натижаларга эришиш йўлида оила бошига тушган ташвишлар ҳақида Kun.uz мухбирига сўзлаб берди.
Ногироннинг онаси бўлиш қийин
“6 нафар фарзандим бор. Иккинчи фарзандим туғилганда шифокорлар унинг умуртқа поғонасида нуқсони борлигини айтишди. Нурхонни вояга етказиб, одамлар орасига қўшиш осон бўлмади.

Бундай одамни тушуниш қийин, чунки унинг ўжарликлари бўлади. Вақт ўтиб қизим имконияти чекланганлар коллежига қабул қилинди ва енгил атлетиканинг найза улоқтириш тури бўйича дарсларга қатнай бошлади. Бошида 9 метргача найза улоқтира олган эди. Кейинчалик дарсларга қатнаб натижаларини янгилади. Тортинчоқлиги учун ҳам бошида дарсларга бормайман деб туриб олди. Қўшнимиз Ёрқинбек ўз ютуқлари билан қизимни спортнинг ушбу турига қизиқтира бошлади. Кейин олимпиада захиралари коллежига қабул қилинди.

Аллоҳга шукур, яхши кунлар ҳам келди. Катта машиналарда қизим бутун маҳалла бўйлаб юриб барчанинг ҳавасини келтирмоқда. Соғлом одамлар эриша олмаётган натижаларга эришмоқда. Олимпиада тақдимотида ҳам бу ютуқлар меники эмас, ота-онамники деганида ўзимни қўярга жой топа олмадим. Қизимнинг ҳаққига доим дуодаман”, дейди чемпионнинг онаси Дилфуза Бозорова.
“Бирка”ни кўриб қотиб қолдим...
“1994 йил. Туман шифохонасида хурург бўлиб ишлайман. Ўша кун ҳамон ёдимда. Касалхонада эдим. Ёрдамчим “роддом”да нуқсонли бола туғилгани, ҳолатини кўришим кераклиги ҳақида айтиб қолди. Чақалоқлар энди туғилганида уларнинг исмлари бўлмайди. Қазалоқ оёғидаги “бирка”ни кўриб бўшашиб қолдим.




















