1992 йил Швецияда ўтказилган Европа чемпионати вақтида УЕФА раҳбарлари янги тарих яратаётганини билмаган ҳам бўлишса керак. Улар янги мавсумдан ребрендинг қилишни мўлжаллаётган ва турнирнинг янги дизайни қандай бўлиши кераклиги ҳақида бир тўхтамга кела олишмаётганди. Ўша даврларда УЕФА билан ҳамкорлик қиладиган TEAM компанияси маркетинг бўлими раҳбари бўлиб ишлаган Крейг Томпсон юлдузли лого лойиҳасини ўша вақтдаги ташкилот президенти Леннарт Йоҳанссон ва собиқ бош котиб Герҳард Аигнерга кўрсатганини шундай эслайди:

«Леннарт ва Герҳардга янги бренд суратларини олиб кирган пайтимни ҳалигача яхши хотирлайман. Биз лойиҳани кўриб, бир-биримизга қараб қолдик ва бирданига ҳамма: «Бу — ўша», деди. Янги бренд яратаётганингда бундай бўлиши мушкул, чунки ҳамманинг ўз фикри бор ва барчани бирдек хурсанд қила олмайсан. Лекин бу гал ҳамманинг фикри бир жойдан чиққан ва уларга дизайн маъқул келганди. Юлдузлар футболчиларни акс эттирарди, барча футбол юлдузлари бир жойга тўпланишлари логонинг мазмуни бўлган».

Юлдузлардан ясалган копток андазасини лондонлик дизайнер Фил Клеменц яратган ва мана 32 йилдирки, уни деярли ўзгартиришсиз сақлаб келишмоқда. Бугунги кунда мана шу «митти юлдузчалар» УЕФАга йиллик 4,4 миллиард евродан кўпроқ маблағ олиб келмоқда.

Чемпионлар Лигаси бу мавсумдан яна ўзгаряпти ва энди Европанинг 36 клуби битта лигада кураш олиб боради ҳамда энг камида 8 та ўйин ўтказишга муваффақ бўлади. Бу Суперлига лойиҳаси билан кўпроқ катта ўйинларга эришмоқчи бўлган элита клубларига муқобил вариант сифатида тақдим этилган форматдир. Мукофот жамғармаси ҳам сезиларли даражада ошди. Мусобақада қатнашадиган 36 клуб умумий ҳисобда 2,08 миллиард еврога етадиган суммани иштирок ва натижаларига қараб бўлишиб олишади. Таъкидлаш жоизки, бу ўтган йилги кўрсаткичлардан қарийб 22 фоизга яхшиланган қийматдир.

Бугунги кундаги йиллик мусобақалар орасида фақатгина Англия Премер-лигаси ўсиш шиддати нуқтайи назаридан Чемпионлар Лигасига рақобат қила олади, бироқ улар ҳам бренд курашида сезиларли даражада фарқ билан ортда боришади. Ҳеч нима УЕФА Чемпионлар Лигаси муваффақиятини рақамлардек аниқ кўрсатиб бера олмайди. 1992-1993 йилги мавсумда мусобақанинг мукофот жамғармаси умумий ҳисобда 38 миллион Швейцария франкини ташкил қилган (34 миллион фунт-стерлинг). Ғолибликни қўлга киритган «Милан» 7,5 миллион Швейцария франки ишлаб олган. Солиштириш учун, бу мавсумда Чемпионлар Лигасини ютган жамоа тахминан 136 миллион фунт-стерлингга эга чиқади. 32 йилда қарийб 20 баравар ўсиш… Қуйидаги рўйхатда Чемпионлар Лигасининг 2010-2011 йилги мавсумидан бери энг кўп мукофот пулларига эга чиққан клублар келтирилган. Бунда доим ҳам чемпион жамоа энг кўп пулга эга чиқавермайди, мусобақа давомидаги дуранг ва мағлубиятлар сони бунга таъсир кўрсатиши мумкин.