Барчаси кейинги ҳафта ҳал бўлади

Реал – Атлетико – 2:1
Голлар: Родриго 4, Браим Диас 55 – Хулиан Алварес 32.
Реал Мадрид: Куртуа - Вальверде (Васкес, 83), Асенсио, Рюдигер, Менди - Диас (Эндрик, 89), Чуамэни, Камавинга (Модрич, 63) - Родриго, Мбаппе, Винисиус
Атлетико: Облак - Льоренте, Хименес, Лэнгле, Галан - Симеоне (Галлагер, 64), Барриос (Серлот, 75), Де Пауль (Корреа, 76), Лино (Молина, 65) - Альварес, Гризманн (Ле Норман, 71)

ЕЧЛ нимчоракфиналидаги Мадрид дербисининг биринчи раундини «Реал» ўз фойдасига ҳал этди. Турнирнинг амалдаги ғолиби «Атлетико»ни «Сантяго Бернабеу»да мағлубиятга учратди.

Дисквалификацияга учраган Беллингҳем йўқлигида «Реал» 4-4-2 схемасини сақлаб қолди, унинг позициясида Диас туширилди. Тўп жамоада бўлганида Винисиус Жуниор чап қанотда кенгроқ позицияни эгаллади, ўнгда эса Родриого максимум кенглик яратишга ҳаракат қилди. Шу тариқа, Карло Анчелотти шогирдлари «Атлетико» мудофаа чизиғини чўзишга ҳаракат қилди. «Реал»нинг ҳужумдаги қуроли Родриго бўлди – бразилиялик вингерга биргина Галаннинг ўзи қаршилик қила олмади. Шунинг эвазига мезбонлар тўртинчи дақиқадаёқ ҳисобни очишди. Валверде Модрич услубида чизиқлар орасидан пас берди, Родриго рақибнинг ортига отилиб, тўп билан жарима майдони марказига юрди ва айланма зарба билан дарвозани ишғол этди.

Кўп ўтмай, бу усул яна бир бор иш бериши мумкин эди, бу вазиятда бразилиялик вингер яна бир бор Галандан қочиб кетиб, жарима майдончасида йиқилди. Аммо ўйин бош ҳаками Тюрпен пеналти қўйишни истамади. Бу ҳолатда чиндан ҳам «Атлетико» ҳимоячисининг яққол қўполлиги кўринмади. Шундан кейин ҳам «Реал» ўйинни назорат қилишда давом этди, аммо Диего Симеоне жамоаси исталган вақтда қарши ҳужумга ўтиши мумкинлиги билан таҳдид солиб турарди. Валверде икки ҳолатда дарвозага зарба беришга чоғланган рақиблар оёғидан тўпни олиб қўйди.

«Атлетико» футболчилари тўпга эгалик қилганида 3-2-5 схемаси бўйича тизилди ва алоҳида эпизодларда тетик ҳаракат қилди. Ўйиннинг дастлабки ярим соати ортда қолганида эса мухлислар Алвареснинг шедевр голига гувоҳ бўлишди. «Атлетико» форварди қанотда Камавингани осонлик билан ортда қолдириб, олис устун томон айланма зарба берди. Бу Симеоне жамоасида илк зарба эди. Бу вазиятда Галан ҳам ниҳоят фойдали ҳаракат қилди – у Валвердени ўзи билан олиб кетди ва натижада Камавинга ёлғиз қолди.

Эътиборли жиҳати, биринчи бўлимда рақиб жарима майдонида тўпга тегиниш бўйича статистика амалда тенг эди (7:6). Мбаппе бу сафар ўзини кўрсата олмади. Биринчи бўлимда француз «Атлетико» жарима майдонида фақат бир марта тўп билан учрашди, бу ҳам муваффақиятсиз дриблинг билан якунланди.