Жаҳон | 13:10
1349
4 дақиқада ўқилади

Wildberries ҳамасосчиси Бакалчук қотилликда айбланмоқда

Владислав Бакалчук қотиллик, қотилликка уриниш, ҳуқуқ-тартибот идораси ходимини ўлдиришга уриниш ва ўзбошимчалик бўйича айбланмоқда, деб ёзади ОАВ.

Фото: Telegram / WBakalchuk

Wildberries компанияси асосчиси Владислав Бакалчук Москвадаги «Романов двор» бизнес марказидаги маркетплейс офисида юз берган отишма туфайли қўлга олинди. Forbes 19 сентябр, пайшанба куни тадбиркорнинг адвокатларига таяниб хабар беришича, унга қотиллик, қотилликка уриниш, ҳуқуқ-тартибот идораси ходимини ўлдиришга уриниш ва ўзбошимчалик айбловлари қўйилган.

«Бир кун аввал Бакалчукни ҳуқуқ-тартибот идоралари суҳбатга чақиришди, у 48 соатга қўлга олинди», — дея аниқлик киритди Forbes Telegramʼда. Кейинчалик суд унга нисбатан эҳтиёт чорасини танлаши кўрсатилган.

Айни пайтда, «Известия» газетаси терговга яқин манбасига таяниб, Wildberries офисидаги отишма бўйича яна олти нафар айбланувчига айблов қўйилганини ёзмоқда. Уларнинг исм-шарифлари очиқланмаган.

Бакалчукнинг адвокатлари баёноти матни The Bell интернет нашри томонидан Telegramʼда эълон қилинган. Бошқа нарсалар қаторида, унда айтилишича, «Wildberries матбуот хизмати томонидан тарқатилган маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмайди ва улар томонидан айтилган фактларнинг ҳеч бири ҳужжатлаштирилмаган».

«Қотиллик айбловлари бемаъни, чунки Владислав Сергеевич ва унинг ҳамкасблари корпоратив низони ҳал қилиш учун олдиндан келишилган учрашувга боришган», — дея таъкидлайди Бакалчукнинг адвокатлари.

Москвадаги Wildberries офисида отишма

«Романов двор» бизнес маркази Москва марказида, Кремлдан унчалик узоқ бўлмаган жойда жойлашган. 18 сентябр куни бўлиб ўтган отишмада икки қўриқчи ҳалок бўлган. Воқеадан сўнг Россия ахборот агентликлари уч киши, жумладан икки полициячи жабрлангани ҳақида хабар берди.

Шу куни эрталаб Wildberries РБК агентлигига «офисга ноқонуний киришга уриниш бўлганини» айтди. Wildberries эгаси Татяна Бакалчукнинг эри Владислав Бакалчук буни қўриқлаш хизмати билан амалга оширишга ҳаракат қилди. Ўзининг Telegram-каналида компания эгаси воқеани «рейдерлик эгаллаб олинишига уриниш» деб атади.

Wildberries'га эгалик қилиш учун Бакалчуклар ўртасидаги зиддият

Владислав ва Татяна Бакалчук ўртасида ажрашиш жараёни бир неча ойдан бери давом этмоқда. Ушбу фонда Wildberries Russ реклама компанияси билан «рақамли савдо платформасини яратиш» учун ҳамкорлик қилмоқда. РБК ёзганидек, қўшилиш натижасида «РВБ» юридик шахси пайдо бўлди, унинг 65 фоизи «Вайлдберриз» МЧЖга ва 35 фоизи Russ эгалик қилувчи «Стинн» МЧЖга тегишли.

Владислав Бакалчук компанияларнинг бирлашишини рейдерлик деб атади ва у бизнес бошқарувидан четлаштирилганини айтди. 2024 йил июл ойида у Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров билан учрашди ва Wildberries «очиқ ва шафқатсиз рейдерликка» учраганини айтди. Қодировнинг сўзларига кўра, Татяна Бакалчук «рейдерлар томонидан эри ва етти фарзандидан ажратиб қўйилган». «Эр-хотинлар бир-бирларини кўриш ва ҳеч бўлмаганда нима бўлаётганини муҳокама қилиш имконига эга эмаслар», деб ёзди у ўзининг Telegram-каналида ва Бакалчукка ёрдам ваъда қилди. Татяна Бакалчукнинг сўзларига кўра, Wildberries ва Russ бирлашиши олдиндан режалаштирилган ва эри Владислав билан келишилган.

Мавзуга оид