Москва Россия бозорини тарк этган хорижликлар учун тўловни оширмоқчи
Чет эл инвестицияларини назорат қилиш бўйича ҳукумат комиссияси Россияда бизнесни сотиш учун тўловни «сезиларли даражада ошириш» масаласини кўриб чиқмоқда.
Россия ҳукумати Россия Федерациясида хорижий компаниялар томонидан ўз бизнесларини сотиш билан боғлиқ операциялардан федерал бюджетга ҳиссани «сезиларли даражада» оширишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда РБК интернет нашри 20 сентябр, жума куни хорижий сармояларни назорат қилиш бўйича ҳукумат комиссиясининг тегишли қуйи қўмитасидаги суҳбатдоши ҳамда бошқа аноним манбаларга таяниб ёзди.
Таҳририятнинг икки суҳбатдоши сотилаётган активлар қийматининг жорий 15 фоизидан 40 фоизгача ҳисса қўшиш имконияти кўриб чиқилаётганини таъкидлади, бироқ қуйи қўмитадаги манба бу миш-мишларни рад этди. Унинг сўзларига кўра, гап 40 фоиз ҳақида кетмаяпти, лекин ҳиссанинг «сезиларли ўсиши» кўриб чиқилмоқда.
РБК суҳбатдошларидан бири «жуда арзон активларни баҳолаш» ҳолатлари учун бадални ошириш зарурати пайдо бўлганини ва айнан шулар учун умумий қоидалар ўзгартирилиши мумкинлигини аниқлаштирди.
Россия Федерацияси Молия вазирлиги журналистларга «доимий равишда қуйи қўмита ишининг самарадорлиги ва битимларни кўриб чиқиш ёндашувлари муҳокама қилинишини» айтди. Бироқ, ҳозирча «янги қарорлар қабул қилинмаган».
Хорижий бизнесни сотиш бўйича келишувлардан РФ бюджетига бадаллар
«Федерал бюджетга бадаллар дўст бўлмаган давлатлар резидентлари томонидан Россия активларини сотиш бўйича операциялардан тўланади, - деб эслатади РБК. - Чет эллик резидентлар билан операциялар хорижий инвестициялар бўйича ҳукумат комиссияси, хусусан, Россия Федерацияси ҳукумати томонидан тасдиқланиши керак. Россия активларини чет элликлар томонидан сотиш молия вазири Антон Силуанов бошчилигидаги ушбу ҳукумат комиссиясининг қуйи қўмитаси томонидан амалга оширилади».
Нашр маълумотларига кўра, 2024 йилнинг саккиз ойи давомида Россия Федерацияси федерал бюджетига хорижий компаниялар ўз бизнесларини Россия бозорида сотиш учун тўлаган деярли 140 миллиард рубл тушди.
Кузатувчиларнинг фикрича, ҳиссанинг ошиши молиявий сабабларга кўра Россияни ҳали тарк этмаган хорижий компанияларнинг ушбу бозорни тарк этиш ҳақидаги фикрини ўзгартириши мумкин. 2022 йилда Россия Федерацияси ва Украина ўртасида кенг кўламли уруш бошланганидан кейин кўплаб хорижий компаниялар Россияни тарк этишга қарор қилди.
Мавзуга оид
14:20
РФ атлетларига нейтрал мақомда ОЎга йўлланма олиш учун рухсат берилди
11:41
Россия ва Украина ҳалок бўлган ҳарбийлар жасадини алмашди
23:32 / 20.12.2024
ОАВ: 2024 йилда Украинадаги урушда 20 мингдан зиёд россиялик ҳарбий ҳалок бўлди
17:48 / 20.12.2024