SIPRIʼнинг 2026 йилги йиллик ҳисоботида қайд этилишича, АҚШ, Россия, Буюк Британия, Франция, Хитой, Ҳиндистон, Покистон, Шимолий Корея ва Исроил каби тўққизта ядровий давлат 2025 йил давомида ўз ядровий дастурларини модернизация қилишни давом эттирган.
Мутахассислар ҳисоб-китобига кўра, 2026 йил январь ҳолатига дунёда жами 12 минг 187 та ядровий жанговар каллак мавжуд бўлган. Уларнинг қарийб 9 минг 745 таси эҳтимолий қўллаш учун сақланмоқда. Шунингдек, 4 мингдан ортиқ жанговар каллак ракета ва самолётларга жойлаштирилган, 2,1–2,2 мингтаси эса юқори жанговар тайёргарлик ҳолатида турибди. Бу захираларнинг деярли барчаси Россия ва АҚШ ҳиссасига тўғри келади.
Қуролсизланиш даври якунланмоқда
Ҳисоботда таъкидланишича, совуқ урушдан кейинги даврда Россия ва АҚШ эски ядровий қуролларни йўқ қилиш бўйича амалга оширган ишлар янги қуроллар жойлаштириш суръатидан юқори бўлган. Бу эса глобал ядровий арсеналнинг йилма-йил қисқаришига олиб келган.
Бироқ SIPRI экспертлари фикрича, бу тенденция энди ўзгармоқда. Эски қуролларни демонтаж қилиш суръати пасаймоқда, янги тизимларни жойлаштириш эса тезлашмоқда.
Институтнинг оммавий қирғин қуроллари бўйича дастури катта илмий ходими Ханс Кристенсеннинг таъкидлашича, ядровий давлатлар қуролсизланиш бўйича олган мажбуриятларини иккинчи даражага суриб қўймоқда.
Унинг фикрича, давлатларнинг ядровий кучга таяниши қуролланиш пойгасини янада кучайтириб, янги хавф-хатарларни юзага келтирмоқда.
Россия ва АҚШ ҳануз етакчи
Ҳисоботга кўра, дунёдаги барча ядровий каллакларнинг қарийб 83 фоизи Россия ва АҚШ ҳиссасига тўғри келади.
2025 йил давомида икки давлатнинг ҳарбий захиралари сезиларли ўзгармаган бўлса-да, кенг кўламли модернизация дастурлари келажакда арсеналларнинг янада ўсишига олиб келиши мумкин.
SIPRI маълумотларига кўра, Россиянинг «Сармат» қитъалараро баллистик ракета синовларидан бири муваффақиятсиз якунланган. Шу билан бирга, ядровий двигателли «Буревестник» қанотли ракетаси 14 минг километрдан ортиқ масофага учиш бўйича муваффақиятли синовдан ўтган.
Ташкилот шунингдек, Россия Беларусь ҳудудида «Орешник» ўрта масофали ракета тизими учун янги база қуришни бошлаганини қайд этган.















