Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
АҚШда автомобиллар учун Хитой ва Россияда чиқарилган эҳтиёт қисмлар импортини тақиқлаш таклиф этилди
Ушбу чора Wi-Fi, Bluetooth, уяли алоқа ёки сунъий йўлдош тизимлари орқали маълумот алмашадиган машиналарни ҳимоя қилишга қаратилган. Бундай технологияларга “хорижлик рақиблар”нинг аралашуви саботажга олиб келиши мумкин, деб ҳисобламоқда Америка ҳукумати.
АҚШ Савдо вазирлиги Хитой ва Россия ускуналарини, шунингдек, баъзи автомобиллар учун улардан дастурий таъминотни импорт қилиш ва сотишни тақиқловчи қоида жорий этишни таклиф қилди, деб ёзмоқда Bloomberg.
Мазкур чора-тадбирлар Wi-Fi, Bluetooth, мобил алоқа ёки сунъий йўлдош тизимлари орқали маълумот алмашувини амалга оширадиган машиналарни ҳимоя қилишга қаратилган. Америкалик амалдорларнинг айтишича, бундай технологияларга хориждан аралашув хавфи юзага келиши мумкин, бу эса тизим ишидаги узилишлар ва саботажларга олиб келиши эҳтимоли бор.
“Гап савдо ёки иқтисодий афзалликлар ҳақида кетмаяпти. Гап фақат миллий хавфсизлик ҳақида кетяпти”, — деди АҚШ савдо вазири Жина Раймондо журналистларга. “Диққатимизни миллий хавфсизликка бўлган таҳдидга қаратмоқдамиз, бундай автомобиллар мамлакатимиз ва Америка халқи учун жуда реал таҳдид”.
Унинг айтишича, автомобиллардаги камералар, микрофонлар ва GPS-навигаторлардан олинган маълумотларга кириш имкониятига эга бўлган “чет эллик рақиб” АҚШ учун “жиддий хавф” туғдириши мумкин.
Миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи Жейк Салливан бундай тизим билан жиҳозланган автомобилларнинг АҚШ инфратузилмасига чуқур сингиб кетгани алоҳида хавф туғдираётганини таъкидлаб ўтди.
Bloomberg хабар беришича, Америка ва Европа амалдорлари Хитой ҳукумати ҳамда маҳаллий автомобил ишлаб чиқарувчилар соҳани адолатсиз равишда субсидиялаётганини таъкидламоқда. Уларнинг фикрича, бунинг оқибатида арзон импорт товарлари оқиб келиши мумкин, бу эса бозордаги вазиятни бузади.
Ўз навбатида, Хитой унинг тизимлари АҚШ хавфсизлигига таҳдид солишини рад этмоқда. Россия ҳозирча бу чораларга расман изоҳ бермаган.
Россия ва Хитойдан олинган дастурий таъминотни қўллашга қўйилган тақиқ 2027 йилда ишлаб чиқарилган автомобилларга нисбатан кучга киради, ускуналарга тааллуқли қоида эса 2030 йилда ишлаб чиқарилган автомобиллар учун амал қила бошлайди. Модел йилига эга бўлмаган автомобилларга ушбу қоида 2029 йил 1 январдан бошлаб татбиқ этилади.
Шу билан бирга, 23 сентябр куни Оқ уй кичик ва ўрта автомобиль ишлаб чиқарувчилар учун бир қатор мажбуриятларни эълон қилди ҳамда Мичиганда электромобиллар етказиб бериш занжирини яратиш дастурини ишга тушириш мақсадида 9,1 миллион доллар миқдорида грант ажратди. Monro Capital компанияси кичик автомобил ишлаб чиқарувчиларга ўз бизнесини ривожлантириш ва диверсификация қилиш учун 1 миллиард долларгача маблағ жалб қилиш мажбуриятини олди.
АҚШ Савдо вазирлиги миллий хавфсизлик нуқтайи назаридан айрим автомобилларда Хитой дастурий таъминоти ва қурилмаларидан фойдаланишни тақиқлашни таклиф қилмоқчилиги ҳақида Reuters 21 сентябр куни икки манбага асосланиб хабар берганди. Кейинчалик бу ҳақда Bloomberg ҳам хабардор бўлган шахсларга таяниб маълумот берди.
Феврал ойида АҚШ Савдо вазирлиги Хитойда ишлаб чиқарилган автомобиллар Қўшма Штатлар миллий хавфсизлигига таҳдид солиш-солмаслигини аниқлаш мақсадида текширув ўтказишни бошлаган. Ўшанда вазирлик автомобилларнинг сенсор ва камералари орқали олинаётган шахсий маълумотлар оқими катта эканига эътибор қаратган. Ўтган ҳафта АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти Хитойдан импорт қилинадиган маҳсулотларга тарифлар жорий этди. Хусусан, электромобиллар учун 100 фоизлик бож тўлови белгиланди.
Бундан ташқари, бундай автомобиллар учун батареялар ва уларга аккумуляторлар тайёрлаш учун зарур бўлган асосий минералларга ҳам божлар жорий қилинди.
Мавзуга оид
00:49
Трамп Эрон билан келишув 14 июн куни имзоланишини маълум қилди
11:20 / 13.06.2026
Jeep бир миллиондан ортиқ автомобилни қайтариб олмоқда
10:15 / 13.06.2026
АҚШ Европа ҳудудидан авиаташувчи ва сувости кемасини олиб чиқади
09:45 / 13.06.2026