Жаҳон | 23:05 / 27.09.2024
3368
2 дақиқада ўқилади

Кувайт, Сингапур ва Норвегия дунёдаги энг хавфсиз давлатлар қаторига кирди

Gallup сўрови 140 мамлакат ва минтақадаги 15 ва ундан катта ёшдаги катталар ўртасида ўтказилди.

Кувайт / Фото: Getty Images

Глобал хавфсизлик бўйича Gallup томонидан ўтказилган сўровга кўра, Кувайт, Сингапур, Норвегия, Саудия Арабистони ва Тожикистон дунёдаги энг хавфсиз давлатлар саналади. Бу давлатлар аҳолисининг кўпчилиги ҳатто куннинг кеч соатларида ҳам ўзини хавфсиз ҳис қилишини айтган.

24 сентябр куни Gallup тадқиқот ташкилоти томонидан эълон қилинган Глобал хавфсизлик ҳисоботида айтилишича, Кувайт 2023 йилда жамоат хавфсизлиги бўйича биринчи ўринни эгаллади, сўровда иштирок этганларнинг 99 фоизи тунда шаҳар ёки маҳаллада ёлғиз юрганда ўзини хавфсиз ҳис қилишини айтган. Бу кўрсаткич Сингапурда 94 фоиз, Норвегия, Саудия Арабистони ва Тожикистонда 92 фоизга тенг.

Шу билан бирга, Эквадор дунёдаги энг хавфли мамлакат саналмоқда. 2023 йилда эквадорликларнинг атиги 27 фоизи тунда ёлғиз сайр қилишда ўзини хавфсиз ҳис қилишини айтган. Қайд қилинишича, Эквадор Covid-19 пандемиясидан кейин хавфсизлик инқирозига тушиб қолган ва глобал кокаин савдоси марказига айланган. Оқибатда, қуролли тўқнашувлар ва қотилликлар кескин ошган.

Рейтингга кўра, Африканинг Ботсвана, Либерия ва ЖАР каби давлатлар ҳам энг хавфли мамлакатлар қаторида саналмоқда.

Рейтингда Ўзбекистон бўйича маълумотлар келтирилмаган.

Gallup тадқиқотига кўра, 2023 йилда бутун дунё бўйлаб катта ёшлиларнинг 70 фоизи кеч соатларда сайр қилишда ўзини хавфсиз ҳис қилган. Бу кўрсаткич пасайгани таъкидланмоқда – 2020 йилда 72 фоиз эди.

Мавзуга оид