Жаҳон | 09:20 / 04.10.2024
1910
3 дақиқада ўқилади

Молдова РФни Евроиттифоқ бўйича референдум иштирокчиларига пора берганликда айблади

Молдовада ҳукумат ва мухолифат бир-бирини мамлакатнинг Европа Иттифоқига қўшилиши бўйича референдумда ғалаба қозониш учун хориждан пул олишда айбламоқда. Овоз бериш 20 октябрга белгиланган.

Фото: Getty images

Россия россияпараст олигарх Илан Шорнинг «мафия» тармоғи орқали Молдованинг 130 минг фуқароси ҳисобига бўлажак референдумда улар мамлакатнинг Европа Иттифоқига киришига қарши овоз беришлари учун 15 миллион доллардан ортиқ маблағ ўтказди. Бу ҳақда 3 октябр, пайшанба куни Politico нашри Молдова полицияси бош инспекцияси раҳбари Виорел Cэрнаутианага таяниб хабар берди. Унинг сўзларига кўра, «Молдова гибрид уруш ва дезинформация билан биргаликда сайловчиларнинг мисли кўрилмаган сотиб олинишига дуч келмоқда». Аниқлик киритилишича, биргина сентябр ойида мамлакат фуқароларига 15 миллион доллар ўтказилган.

Тергов маълумотларига кўра, ҳозирда тақиқланган худди шу номдаги россияпараст партия асосчиси Илан Шор (апрел ойида у Москвада Молдова партияларининг россияпараст «Ғалаба» блокини тузган ва унинг раиси бўлган) сайловчиларга пора бериш учун мўлжалланган маблағларни банклар тармоғи орқали ювишга ёрдам берган.

Молдовада Шор банк фирибгарлиги учун сиртдан 15 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

«Молдова: актуально» нашри Илан Шор иштирок этган схема тафсилотларини эълон қилди. Ўтказмалар Россия Федерацияси Мудофаа вазирлиги томонидан назорат қилинадиган «Евразия» автоном нотижорат ташкилоти ва Промсвязбанк орқали амалга оширилди. Пулни олган ҳудудий координаторлар уни «беқарорлаштирувчи ҳаракатлар» уюштириш учун ўз тарафдорларига топширган.

Молдовада еттита кремлпараст сайт блокланди

Молдова Ахборот ва хавфсизлик хизмати мамлакатдаги еттита веб-сайтни блоклашни буюриб, улар республика миллий хавфсизлигига зарар етказишини билдирди. Ахборот ва хавфсизлик хизмати талаби 25 сентябр куни Молдова интернет-провайдерларига юборилди.

Россия давлат ахборот агентлиги «РИА Новости» ва Россиянинг «Независимая газета» сайтлари блокланди. Бундан ташқари, молдовалик фойдаланувчиларнинг Москва томонидан тузилган Қрим «давлат кенгаши», «Қрим газетаси» ва «Крым24» телеканали веб-сайтларига кириш чекланиши керак.

Тўсиб қўйилган еттинчи ресурс Nu. Nu Acum («Йўқ. Ҳозир эмас») ҳаракати сайти бўлиб, у Молдова фуқароларини мамлакатнинг Европа Иттифоқига қўшилишига қарши овоз беришга чақирган. Бу масала бўйича референдум 20 октябр куни Молдовада президентлик сайловларида овоз бериш билан бир вақтда ўтказилиши режалаштирилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид