Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Австрияда собиқ разведка ходими РФ учун жосусликда айбланмоқда
Австриянинг собиқ разведка ходими Эгисто Отт Россия фойдасига жосуслик қилганликда айбдор деб топилиб, Вена суди томонидан тўрт йил-у бир ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. У айбловларни рад этиб, ўзини айбсиз деб ҳисобламоқда.
Фото: Reuters
Суд ҳайъати 63 ёшли Эгисто Оттнинг 2015–2022 йиллар давомида махфий маълумотларни Россия томонига етказганини исботланган деб топди. У Австриянинг тугатилган Федерал конституцияни ҳимоя қилиш ва терроризмга қарши кураш бошқармаси (BVT)нинг собиқ ходими ҳисобланади.
Тергов маълумотларига кўра, Отт Wirecard компаниясининг собиқ топ-менежери Ян Марсалек билан ҳамкорлик қилган. Марсалек 2020 йилда Россияга қочиб кетган ва халқаро қидирувга берилган.
Ҳукм ҳозирча кучга кирмаган. Чунки Эгисто Отт суд залининг ўзидаёқ апелляция берган. У AFP агентлигига берган интервьюсида ҳеч қачон Россия махсус хизматларига маълумот узатмаганини ва барча ҳаракатлари қонун ҳамда раҳбарият кўрсатмалари доирасида бўлганини айтган.
Прокуратура версиясига кўра, Отт Европа маълумот базаларидан фойдаланиб, Россиядан қочиб чиққан фуқаролар, журналистлар ва собиқ разведка ходимлари ҳақида маълумот тўплаган. Шунингдек, у Италия ва Буюк Британияга “қўллаб-қувватлаш сўровлари” юборгани айтилмоқда.
Айблов томони Отт Австрия Ички ишлар вазирлигининг бир нечта юқори лавозимли амалдорларига тегишли мобил телефонларни Москвага етказганини ҳам маълум қилди. Бу орқали Россия минглаб алоқаларга кириш имконига эга бўлгани ва Австрияда яшаётган украин ҳамда чечен қочқинларининг хавфсизлиги хавф остида қолгани таъкидланмоқда.
AFP агентлигининг ёзишича, австриялик терговчилар Оттни 2019 йилда Берлинда чечен қўмондони Зелимхан Хонқошвилининг ўлдирилиши билан боғловчи ҳужжатни ҳам топишган. Қотиллик Россия агенти Вадим Красиков томонидан амалга оширилгани айтилган.
Прокуратура мазкур ҳужжатни “Европа Иттифоқи ҳудудида келгусида муваффақиятли суиқасдлар уюштириш бўйича қўлланма” деб атаган. Dpa агентлиги маълумотига кўра, Хонқошвили ўлдирилганидан ва Красиков қўлга олинганидан икки ҳафта ўтиб, Отт операциядаги хатолар таҳлили ҳамда разведка маълумотларига асосланган қотилликлар бўйича тавсиялар тайёрлаган.
Прокурорнинг таъкидлашича, ушбу ҳисобот Австрия ҳукуматининг топшириғи билан тайёрланмаган, чунки “Австрия хорижда одам ўлдириш бўйича топшириқ бермайди”.
Мавзуга оид
08:47 / 11.05.2026
Австрия ўзбекистонликлар учун янги иш ўринлари очмоқчи
12:23 / 02.05.2026
Австрия афғон муҳожирларини Ўзбекистон орқали депортация қилишни режалаштиряпти
22:08 / 19.04.2026
Австрияда болалар озуқаси таркибида маргимуш борлиги аниқланди
15:29 / 17.03.2026