Жаҳон | 12:10 / 05.10.2024
2619
3 дақиқада ўқилади

Бакалчук хотини ва Wildberries'ни 350 млрд рубллик даъво билан судга берди

Владислав Бакалчук «РВБ» МЧЖга ўтказилган Wildberries активларини 350 миллиард рублга баҳолади. У бегоналаштиришнинг ноқонунийлигини таъкидлади ва рафиқаси Татяна Ким (Бакалчук) компания устидан назоратни қайтаришини талаб қилди.

Фото: Владислав Шатило / РБК

Wildberries компанияси эгасининг эри Владислав Бакалчук рафиқаси Татяна Кимга (Бакалчук), шунингдек, маркетплейсни Russ ташқи реклама оператори билан бирлаштириш жараёнида яратилган «Вайлдберриз» компанияси ва «РВБ» МЧЖга нисбатан 350 миллиард рубллик даъво билан судга мурожаат қилди. Бу ҳақда тадбиркор 4 октябр, жума куни ўзининг Telegram-каналида Москва области арбитраж судига аризанинг биринчи саҳифаси сканерини илова қилган ҳолда ёзди.

Бакалчук таъкидлаганидек, «РВБ» МЧЖга ноқонуний равишда ўтказилган Wildberries активлари шунча миқдорда баҳоланган — «омборлар, логистика объектлари, юк машиналари, Wildberries банки, савдо белгилари, дастурий таъминот, веб-сайт ва бошқалар».

«РВБ» МЧЖ бирлашган компаниясининг матбуот хизмати РБК нашрига Владислав Бакалчукдан ҳали ҳеч қандай даъво аризаси олмаганлигини ва ҳужжатларни олгандан кейин у қонунда белгиланган тартибда кўриб чиқилишини билдирди.

Москвадаги Wildberries офисида отишма

«Романов двор» бизнес маркази Москва марказида, Кремлдан унчалик узоқ бўлмаган жойда жойлашган. 18 сентябр куни бўлиб ўтган отишмада икки қўриқчи ҳалок бўлган. Воқеадан сўнг Россия ахборот агентликлари уч киши, жумладан икки полициячи жабрлангани ҳақида хабар берди.

Шу куни эрталаб Wildberries РБК агентлигига «офисга ноқонуний киришга уриниш бўлганини» айтди. Wildberries эгаси Татяна Бакалчукнинг эри Владислав Бакалчук буни қўриқлаш хизмати билан амалга оширишга ҳаракат қилди. Ўзининг Telegram-каналида компания эгаси воқеани «рейдерлик эгаллаб олинишига уриниш» деб атади.

Wildberries'га эгалик қилиш учун Бакалчуклар ўртасидаги зиддият

Владислав ва Татяна Бакалчук ўртасида ажрашиш жараёни бир неча ойдан бери давом этмоқда. Ушбу фонда Wildberries Russ реклама компанияси билан «рақамли савдо платформасини яратиш» учун ҳамкорлик қилмоқда. РБК ёзганидек, қўшилиш натижасида «РВБ» юридик шахси пайдо бўлди, унинг 65 фоизи «Вайлдберриз» МЧЖга ва 35 фоизи Russ эгалик қилувчи «Стинн» МЧЖга тегишли.

Владислав Бакалчук компанияларнинг бирлашишини рейдерлик деб атади ва у бизнес бошқарувидан четлаштирилганини айтди. 2024 йил июл ойида у Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров билан учрашди ва Wildberries «очиқ ва шафқатсиз рейдерликка» учраганини айтди. Қодировнинг сўзларига кўра, Татяна Бакалчук «рейдерлар томонидан эри ва етти фарзандидан ажратиб қўйилган». «Эр-хотинлар бир-бирларини кўриш ва ҳеч бўлмаганда нима бўлаётганини муҳокама қилиш имконига эга эмаслар», деб ёзди у ўзининг Telegram-каналида ва Бакалчукка ёрдам ваъда қилди. Татяна Бакалчукнинг сўзларига кўра, Wildberries ва Russ бирлашиши олдиндан режалаштирилган ва эри Владислав билан келишилган.

Мавзуга оид