Жаҳон | 23:25 / 07.10.2024
4228
2 дақиқада ўқилади

Ҳимолойга чиқишда чодири ва бошқа буюмларидан айрилган алпинистлар уч кундан кейин қутқарилди

Ҳиндистон Ҳарбий-ҳаво кучлари ва Табиий офатлар оқибатларини бартараф этиш бошқармаси ходимлари иштирок этган қутқарув операцияси 80 соат давом этган.

Фото: AP

Ҳимолой тоғида уч кун қолиб кетган америкалик ва британиялик алпинистлар қутқариб олинди, деб хабар беради Associated Press.

Британиялик Фей Жейн Мэннерс ва америкалик Тереза Дворак Ҳиндистоннинг Уттаракханд штатидан тоғга кўтарилишни бошлаган. 3 октябр куни тош кўчиши оқибатида уларнинг ичида егулик, чодир ва алпинистлар асбоб-анжомлари бўлган сумкалари дарага тушиб кетган. Алпинистлар, шунингдек, алоқа учун мўлжалланган қурилмаларининг ҳам аксариятидан айрилган, аммо улар шу куннинг ўзида фавқулодда ёрдам хабарини юборишга улгуриб қолган.

«Биз менинг сумкамни кўтариб чиқараётганимизда тош кўчиши содир бўлди ва арқон узилиб, буюмларимиз пастга тушиб кетди», — дейди Мэннерс.

Ҳиндистон Ҳарбий-ҳаво кучлари ва Табиий офатлар оқибатларини бартараф этиш бошқармаси ходимлари иштирок этган қутқарув операцияси 80 соат давом этган. 4 октябр куни учган иккита вертолёт алпинистларни топа олмаган. Бироқ эртаси куни Ҳимолойга кўтарилаётган французлар гуруҳи тоғда қолиб кетган алпинистларга дуч келиб, қутқарув хизматига уларнинг координаталарини юборган ва шундан кейингина улар пастга олиб тушилган.

Мавзуга оид