Жаҳон | 16:49 / 08.10.2024
5634
3 дақиқада ўқилади

Инсон узоқ умр кўришнинг биологик чегараларига яқинлашиб қолди — тадқиқот

XXI асрда аёлларнинг атиги 15 фоизи, эркакларнинг 5 фоизи 100 ёшгача яшаши мумкин, деган хулосага келмоқда олимлар.

Америкалик олимлар ХIХ—XX асрларда кузатилган ўртача умр кўриш давомийлигининг ўсиши яқин келажакда секинлашиши ҳақидаги назарияни илгари сурди. Тадқиқотчиларнинг фикрича, инсонлар организм биологияси белгилаб берган чегараларга етиб келган. Бу ҳақда Чикагодаги Иллинойс штати университети баёнотида айтилади.

Тиббиёт соҳасидаги ютуқлар кўплаб кекса одамларнинг умрини узайтирди. Бироқ бу йўналишдаги янги ишланмалар тобора камроқ натижа бермоқда. Бу эса умр кўриш давомийлигининг тез суръатларда ўсиши даври якунланганидан далолат беради”, — деб таъкидлади профессор Жей Олшански.

Олимлар кексаларнинг умр кўриш давомийлиги юқори бўлган бир нечта мамлакатда ушбу кўрсаткичнинг ўзгариш динамикасини ўрганди. Тадқиқотда Австралия, Франция, Италия, Япония, Жанубий Корея, Испания, Швеция ва Швейцария, шунингдек, Ҳонконг ва АҚШ иштирок этди.

Таҳлил давомида олимлар кексалар ўртасида ўлим эҳтимолининг ўзгариши ҳамда уларнинг 100 ёшгача яшаш имкониятларини баҳолади. Йиғилган маълумотлар асосида олимлар ушбу мамлакатларда умр кўриш давомийлигини ошириш учун ўлим даражасини қанчалик камайтириш кераклигини ҳисоблаб чиқди. Натижалар эса 1950 йилдан 2019 йилгача бўлган давр статистикаси билан таққосланди.

Тадқиқот натижалари

Барча ўрганилган мамлакатларда умр кўриш давомийлигининг ўсиши деярли тўхтаб қолгани маълум бўлди. Бу ҳолат 65 ёшдан ошган кишилар орасида ўлим кўрсаткичларининг пасайиш суръати секинлашгани билан боғлиқ. Профессор Олшанскининг таъкидлашича, ушбу кўрсаткич сўнгги 30 йил ичида 30 фоизга камайган, бироқ давомий ўсишни таъминлаш учун у яна 88 фоизга пасайиши керак эди.

Олимларнинг прогнозларига кўра, кейинги 30 йил ичида узоқ умр кўрувчилар сони энг юқори бўлган мамлакатларда умр давомийлиги атиги 2,5 йилга ортади, бу эса олдинги йиллардаги ўсиш суръатидан анча паст. Бу ҳол инсонлар ҳаётнинг биологик чегараларига етгани ҳақидаги фаразни тасдиқлайди ва тиббий технологиялар ёрдамида умрни сезиларли даражада узайтириш имкониятини шубҳа остига қўяди.

Тадқиқотчиларнинг баҳолашича, асрда аёлларнинг фақат 15 фоизи, эркакларнинг 5 фоизи 100 ёшгача умр кўриши мумкин. Балки, ушбу чегарани ген терапияси ва қариш жараёнини секинлаштирадиган дори воситалари яратилганидан кейингина енгиш мумкин бўлар, аммо бу ҳам барча инсонларнинг 100 йил яшашини кафолатламайди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид