Жаҳон | 22:17 / 23.01.2026
2635
3 дақиқада ўқилади

Олимлар видеоўйинлар ва ижтимоий тармоқларнинг ўсмирлар руҳиятига зарарини рад этди

Онлайн платформалардан «пассив» ва «фаол» фойдаланиш назарияси ҳам ўз тасдиғини топмади.

Фото: Shutterstock

Буюк Британиянинг Манчестер университети олимлари ижтимоий тармоқлар ва видеоўйинлар ўсмирларда руҳий саломатлик инқирозини келтириб чиқариши ҳақидаги кенг тарқалган фикрни рад этди. Улар 25 мингдан ортиқ мактаб ўқувчиси иштирок этган кенг кўламли тадқиқот давомида бундай боғлиқликни топмади.

Тадқиқот муаллифлари уларни кетма-кет уч йил - 12 ёшдан 15 ёшгача кузатган. Олимлар сўровлардан олинган маълумотларни таҳлил қилиш жараёнида турли гуруҳларни таққосламасдан, бир хил болалардаги ўзгаришларни кузатиш учун «лонгитюд» усулини қўллади.

Тадқиқотнинг яна бир муҳим хусусияти шундаки, олимлар ижтимоий тармоқлар ёки ўйинлардан фаол фойдаланувчиларнинг руҳий саломатлигини уларга камроқ вақт сарфлайдиган одамлар билан таққослаш билан чекланиб қолмади. Бунинг ўрнига улар маълум бир ўсмирнинг аҳволи айнан шу кўнгилхушликка одатдагидан кўпроқ вақт ажратишни бошлаганидан кейин ёмонлашганми ёки йўқлигини ўрганди.

Қатъий таҳлил қилинганда, рақамли технологиялар ва хавотир ёки тушкун кайфият ўртасидаги боғлиқлик деярли йўқолди: ўғил болаларда ҳам, қизларда ҳам ижтимоий тармоқлар ёки ўйинларда кўпроқ вақт ўтказиш руҳий бузилиш аломатларининг кучайишига олиб келмади.

Иш муаллифлари, шунингдек, ижтимоий тармоқлардан «фаол» фойдаланиш (суратларни жойлаштириш ва чатда мулоқот қилиш) «пассив» (тасманинг чексиз скроллинги) фойдаланишга қараганда камроқ зарарли деган кенг тарқалган назарияни рад этди. Тадқиқот шуни кўрсатдики, фарқ йўқ ва иккала хатти-ҳаракат ҳам кейинги муаммоларни келтириб чиқармайди.

Шу билан бирга, қизиқарли гендер фарқлари аниқланди. Масалан, бир йил давомида кўпроқ ўйнаган қизлар кейинги йили ижтимоий тармоқларда камроқ вақт ўтказди. «Уларда ўйинлар ва ижтимоий тармоқлар аслида бўш вақт учун бир хил рақобатлашади», деди олимлар.

Кайфияти тушгани ёки хавотир кучайгани ҳақида хабар берган ўғил болаларда кейинги йили ўйинларга қизиқиш сезиларли даражада пасайган. Бу шуни кўрсатадики, уларда руҳий ҳолатнинг ёмонлашуви одатий қизиқишлардан қониқишни камайтиради.

Олимлар қисқа муддатли салбий таъсирларга йўл қўяди, масалан, ўсмир ёқимсиз контентга дуч келганда. Бироқ, улар узоқ муддатли зарар учун ҳеч қандай далил йўқлигини таъкидлайди. Шунинг учун экран вақтини чеклаш ёки смартфондан фойдаланишни тақиқлаш мактаб ўқувчисининг руҳий саломатлигини яхшилаши даргумон, деб ҳисобламоқда тадқиқот муаллифлари.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид