Жаҳон | 14:50 / 10.10.2024
3948
2 дақиқада ўқилади

Discord мессенжери Россиядан кейин Туркияда ҳам блокланди 

Туркия расмийлари болалар жинсий зўравонлиги билан боғлиқ жиноятлар гумонлари туфайли Discord тақиқланганини изоҳлади. Россияда бу мессенжер Украинадаги рус қўшинлари томонидан кенг қўлланган.

Фото: Primakov/Shutterstock/FOTODOM

Туркия суди Бош прокуратура талабига биноан Discord мессенжерини блоклашга қарор қилди, деди 9 октябр, чоршанба куни мамлакат адлия вазири Йилмаз Тунч. Унинг баёнотида айтилишича, мессенжер болаларга нисбатан жинсий зўравонлик ва одобсизлик билан боғлиқ жиноятлар гумонлари туфайли блокланган. «Биз келажагимиз калити бўлган ёшларимиз ва болаларимизни ижтимоий тармоқлар ва интернетдаги зарарли, жиноий нашрлардан ҳимоя қилишга қатъий қарор қилдик», — дея Тунч сўзларини келтиради Anadolu агентлиги.

Россияда Discord блокланиши

Бир кун олдин Discord Россияда блокланган эди. Роскомнадзор мессенжерга кириш «мессенжердан террористик ва экстремистик мақсадларда фойдаланиш, фуқароларни ёллаш, гиёҳванд моддаларни сотишнинг олдини олиш учун зарур бўлган» қонун талаблари бузилганлиги сабабли чекланганини билдирди.

Идора, шунингдек, мессенжерга тақиқланган контентни олиб ташлаш бўйича талаблар юборилганини, бироқ баъзи материаллар ўчирилмай қолаётганини таъкидлади. Бундан ташқари, Discord контентни олиб ташламаганлик учун жарима тўлаш бўйича суд қарорини эътиборсиз қолдирди, дея билдирди регулятор.

Россиянинг уруш тарафдори бўлган каналлар муаллифлари ва россиялик «ҳарбий мухбирлар» мессенжернинг блокланишини танқид қилишди. Улар Украинадаги Россия қўшинлари Discord'дан жанговар бошқарув учун фойдаланаётганига эътибор қаратишди ва эндиликда баъзи қўмондонлик пунктлари ва штаблар дронлардан трансляциясиз қолиши мумкинлигини, Discord мессенжерига муқобил вариант йўқлигини таъкидладилар.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид