Жаҳон | 20:45 / 10.10.2024
6249
2 дақиқада ўқилади

Ҳакерлар Internet Archive сайтини бузиб кирди. Миллионлаб фойдаланувчиларнинг маълумотлари сизиб чиқиб кетди

HIBP сервиси асосчисига кўра, сизиб чиққан маълумотларда 31 миллионта бир-бирини такрорламайдиган электрон почта манзиллари мавжуд.

Фото: Adobe Stock

Internet Archive нотижорий ташкилотига тегишли Wayback Machine сайтида фойдаланувчиларнинг маълумотлари сизиб чиқиб кетди.

9 октябр куни сайтдаги сақланган саҳифаларни кўришга уринган фойдаланувчилар қуйидаги матнга дуч келган: «Сиз қачондир Internet Archive имкониятидан ташқари ва доимо хавфсизликнинг ҳалокатли даражада бузилиши ёқасида ишлашини ҳис қилганмисиз? Ҳозиргина бу содир бўлди. Қаранг, сизларнинг 31 миллион нафарингиз HIBP’да [сизиб чиққан маълумотларни тўпловчи сервис]».

Шу билан бирга, сайт одатдагидан сал секинроқ бўлса-да ишлашда давом этмоқда. Юқоридаги ёзув бир неча соатдан кейин сайтдаги бошқа маълумотлар каби йўқолиб қолган. Асосий саҳифага кирилганида, сайтдан вақтинча фойдаланиб бўлмаслиги тўғрисида хабар чиқмоқда.

HIBP сервиси асосчиси Трой Хант ҳакерлардан Internet Archive фойдаланувчиларига тегишли маълумотларни олганини ва бу ҳақда лойиҳа раҳбариятини хабардор қилганини тасдиқлаган. Хантнинг сўзларига кўра, сизиб чиққан маълумотларда 31 миллионта бир-бирини такрорламайдиган электрон почта манзиллари мавжуд.

HIBP сайтида қайд этилишича, ҳакерлар фойдаланувчиларнинг нафақат электрон почта манзилларини, балки уларнинг «никнеймлари» ва шифрланган паролларини ҳам қўлга киритган.

Х ижтимоий тармоғидаги SN_Blackmeta аккаунтида айнан улар Internet Archive’ни бузиб киришгани тўғрисида твит эълон қилинди. Ташкилот вакили Жейсон Скотт ҳолатга изоҳ берди: «Твитга кўра, улар буни шунчаки амалга оширган. Яъни қўлларидан келгани учун. Бирор баёнот, ғоя ёки талаб йўқ».

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид