Жаҳон | 21:13 / 24.03.2025
680
2 дақиқада ўқилади

Белгия давлат идоралари сайтлари ҳакерлар ҳужумига учради

Ҳакерларнинг маълум қилишича, киберҳужум Белгия Украинага 1 млрд евролик ёрдам пакетини ажратгани сабаб уюштирилган.

Фото: Getty images

Ҳакерлар гуруҳи Белгиянинг бир қатор муҳим давлат сайтларига ҳужум уюштирди, деб хабар беради Belga агентлиги.

Хусусан, ҳукуматнинг белгияликларга расмий ҳужжатлардан фойдаланиш имкониятини тақдим этувчи MyGov.be сайти, шунингдек, Валлония парламенти сайти ҳам киберҳужумга учраган.

Киберхавфсизлик маркази баёнотига кўра, гап серверлар фаолиятини фалажловчи DDos-ҳужумлар ҳақида кетмоқда. Марказнинг маълум қилишича, ушбу ҳужумлар киберқароқчиларга маълумотларни ўғирлаш имкониятини бермайди.

Ҳужумни Россиянинг NoName ҳакерлик гуруҳи уюштирган бўлиши мумкинлиги айтилди. RTBF телеканали маълумотларига кўра, ҳакерлар ижтимоий тармоқ орқали ҳужум Белгия томонидан Украинага 1 миллиард евролик ёрдам пакети ажратилганига жавоб ҳисобланишини билдирган. Белгия мудофаа вазири Тео Франкен март бошларида Украина президенти Володимир Зеленский билан учрашувда ушбу ёрдам пакетини тақдим этганди.

Мутахассисларнинг таъкидланишича, бу нисбатан зарарсиз DDos-ҳужумдир. Серверлар кўплаб сўровлар билан «бомбардимон» қилинади, бу уларни ортиқча юклаб, ҳақиқий фойдаланувчилар учун фойдаланиб бўлмайдиган ҳолга келтиради.

Феврал ойида Мюнхен хавфсизлик конференцияси очилиши арафасида Бавария давлат идоралари DDos-ҳужумга учраган эди. Ўшанда расмийлар буни «россияпараст ҳакерлик фаолияти» деб атаганди.

 

Мавзуга оид