Исроиллик ҳарбийлар ЦАҲАЛнинг Ғазо секторидаги ҳаракатлари оқибатида Ҳамас гуруҳи раҳбари Яҳё Синвар ўлдирилган бўлиши мумкинлигини хабар қилишди, аммо бу маълумот ҳозирча тасдиқланмаган.

«Исроил мудофаа армиясининг Ғазо секторидаги амалиёт чоғида уч террорчи йўқ қилинди. Исроил мудофаа армияси террорчилардан бири Яҳё Синвар бўлиши мумкинлигини текширмоқда», — дейилган хабарда.

Шунингдек, айни босқичда қурбонлар шахсига аниқлик киритиб бўлмаслиги айтилган. Баёнотга кўра, «террорчилар йўқ қилинган» бинода гаровдагилар бўлганига оид белгилар аниқланмади.

ЦАҲАЛ амалиёт айнан қаерда ва қачон ўтказилгани бўйича расмий маълумот бермаган. Батафсил маълумот кейинроқ тақдим этилиши ваъда қилинган.

Шу билан бирга, Синвар чиндан ҳам ҳалок бўлганига ишонч ортиб бормоқда.

Исроиллик юқори мартабали мулозимлар Ynet порталига ўлдирилган шахс айнан Синвар экани эҳтимоли «жуда юқорилиги» ва воқеа жойида бунинг «белгилари мавжудлиги»ни айтишган. Kan телерадиокомпанияси манбалари ҳам Синвар ҳалок бўлгани эҳтимоли юқорилиги ҳақида гапирган. Улар Синвар Исроилдаги қамоқхонада узоқ вақт сақлангани туфайли унинг ДНК намуналари борлиги, шу туфайли унинг шахсини тасдиқлаш муаммо бўлмаслигини қўшимча қилишган. Исроилдаги тўртта манба билан гаплашган The New York Times маълумотига кўра, жасад Ғазо секторидан Исроилдаги лабораторияга олиб кетилган.

Исроил ҳарбий радиоси Синвар ЦАҲАЛнинг Ғазо жанубидаги Рафаҳ шаҳрида ўтказган қуруқлик амалиёти чоғида ўлдирилган бўлиши мумкинлигини хабар қилган. Ушбу нашр маълумотига кўра, қурбонлар орасида Синвар ҳам борлигига оид визуал далиллар мавжуд, аммо Исроил унинг ўлимини фақат ДНК текширувидан кейин тасдиқламоқчи.

Бу вақтда ижтимоий тармоқларда кўринишидан Яҳё Синварга ўхшайдиган киши жасади вайроналар остида ётгани акс этган фотосуратлар тарқалган.

Ғазо секторидаги манбалар унинг ўлимини тасдиқлаб, исроиллик ҳарбийлар унинг жасадини тасодифан топиб олишгани, чунки у тинч аҳоли орасида ёки гаровдагилар ортига яширинмасдан, ўз жангчилари билан бирга тўқнашув чизиғида бўлганини айтишган. У турган бино ҳарбий ҳаракатлар чоғида миномётдан ўққа тутилган.

Яҳё Синвар 2024 йил июл ойи охирида Теҳронда ракета зарбаси оқибатида Исмоил Ҳания ўлдирилганидан кейин, 6 августдан унинг ўрнига Ҳамас сиёсий бюроси раҳбарига айланганди