BBC’нинг хавфсизлик масалалари бўйича шарҳловчиси Фрэнк Гарднер ҲАМАСдаги иккинчи рақамли шахс — Яҳё Синварнинг тарихини ҳикоя қилди.

Сочлари қордек оқарган ва қошлари тим қора бўлган Синвар — ҲАМАСнинг Ғазодаги сиёсий қаноти раҳбари ва исроилликлар томонидан энг кўп қидирилаётган одамлардан бири ҳисобланади.

ҲАМАСнинг бошқа етакчилари қатори Исроил уни ҳам 7 октябр куни амалга оширилган, 1200 дан ортиқ киши ўлдирилиб, 200 дан ошиқ киши ўғирлаб кетилган рейд учун жавобгар деб билади.

«Яҳё Синвар — командир… ва ўлимга маҳкум одам», — деганди октябр ойи бошида Исроил мудофаа армияси расмийси, контр-адмирал Даниэл Ҳагари.

«Бу жирканч ҳужумни амалга ошириш қарорини Яҳё Синвар қабул қилган, — деган ЦАҲАЛ штаби бошлиғи Герци Ҳалеви. — Шунинг учун у ва унинг қўл остидагилар — ўзини ўлган деб ҳисоблайверсин».

Бу гаплар ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти — «Ал-Қассам» бригадасининг қўлга тушмас раҳбари Муҳаммад Дейфга ҳам тегишли.

Европа халқаро муносабатлар кенгаши (ECFR) катта илмий ходими Ҳю Ловаттнинг ҳисоблашича, 7 октябр кунги ҳужум режаси, бу ҳарбий амалиёт бўлгани учун, Дейф томонидан ишлаб чиқилган, аммо Синвар ҳам, катта эҳтимол билан уни режалаштирган ва унинг ўтказилишига таъсир қилган гуруҳ таркибида бўлган.

Исроил ҲАМАСда асосий раҳбар Исмоил Хониядан кейинги иккинчи одам ҳисобланган Синвар ўз қўриқчилари билан Ғазо яқинидаги қаердадир туннелларда яшириниб юрибди, кузатилиши ва топилишидан қўрқиб ҳеч ким билан алоқа қилмаяпти, деб ҳисоблайди.

Таълим ва ҳибслар

Абу Иброҳим номи билан танилган 61 ёшли Синвар Ғазо сектори жанубидаги Хон Юнисда қочқинлар лагерида туғилган. Унинг ота-онаси Ашкелондан (ҳозирда Исроил ҳудуди) бўлган, аммо «Накба» («Фалокатлар»)дан кейин қочқинга айланишган — фаластинликлар 1948 йил Исроил давлатига асос солинганидан кейин бошланган уруш вақтида фаластинликлар ёппасига ўз уйларидан кўчирилишини шундай аташади.

У Хон Юнисда ўғил болалар учун ўрта мактабда ўқиган, кейин Ғазо ислом университетини араб тили бўйича бакалавр даражасида тамомлаган.

Вашингтон Яқин Шарқ сиёсати институти ходими, Синвар қамоқхонадалигида у билан тўрт бор суҳбатлашган Эхуд Яарининг сўзларига кўра, ўша вақтда Хон Юнис «Мусулмон биродарлари»ни қўллаб-қувватловчи қўрғон вазифасин ўтаган.