Жамият | 17:59
629
2 дақиқада ўқилади

Иш ҳақи кечикканда иш берувчининг компенсация тўлаш тартиби белгиланади

Қонунчилик палатасида иш берувчи томонидан иш ҳақи тўлаш муддати бузилган тақдирда, ҳар бир кечиктирилган кун учун пулли компенсация тўлаш тартиби аниқлаштирилган қонун лойиҳаси қабул қилинди.

Фото: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Қонунчилик палатаси депутатлари меҳнат муносабатларини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда қабул қилди.

Таъкидланишича, ҳужжат меҳнат муносабатларини расмийлаштиришни соддалаштириш, ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ҳамда ходимларнинг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган.

Қонунчилик палатаси хабарига кўра, лойиҳада иш берувчи томонидан иш ҳақи тўлаш муддати бузилган тақдирда, ҳар бир кечиктирилган кун учун пулли компенсация тўлаш тартиби аниқлаштирилмоқда. Аммо хабарда бу қандай бўлиши ҳақида маълумот берилмаган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон қонунчилигида иш ҳақини кечиктиргани учун автоматик ҳисобланадиган ягона кунлик пеня меъёри белгиланмаган. Компенсация масаласи Меҳнат кодекси, жамоа шартномаси, меҳнат шартномаси ёки бошқа локал ҳужжатларга қараб ҳал қилинади.

Қайд этилишича, ишга қабул қилишда талаб этиладиган ҳужжатлар рўйхати ҳам қисқартирилмоқда. Яъни, таклиф этилаётган тартибга кўра, фуқарони ишга қабул қилишда асосан унинг шахсий идентификация рақами талаб этилади. Ҳарбий хизматга мажбурлар ва чақирилувчилар эса ҳарбий гувоҳнома ёхуд ҳарбий ҳисобда турганлик ҳақидаги гувоҳнома тақдим этади.

Шу билан бирга, меҳнат муносабатларини рақамлаштиришга эътибор қаратилмоқда. Энди электрон рақамли имзо ёки биометрик идентификация (Face-ID) орқали тасдиқланган ҳужжатлар юридик жиҳатдан қўлда имзоланган ҳужжатлар билан тенглаштирилади.

Қонун лойиҳасида меҳнат жараёнида тазйиқ ва зўравонликка қарши курашишга доир нормалар ҳам ўз аксини топган. Жумладан, бундай ҳолатларни тақиқлаш, уларнинг олдини олиш ва жабрланган ходимларни ҳимоя қилиш чоралари белгиланмоқда.

Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди ва Сенатга юборилди.

Қонун кучга кириши учун Сенат томонидан маъқулланиши, президент томонидан имзоланиши лозим.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид