Жаҳон | 00:59
977
3 дақиқада ўқилади

Хитойлик полициячи 11 йилдан бери фарзанди вафот этган жуфтликка ўғил ролини ўйнаб келмоқда

Шанси провинциясида яшовчи эр-хотиннинг фарзанди газ сизиб чиқиши оқибатида вафот этган. Шундан сўнг, эркак бемор рафиқасини тинчлантириш учун полиция ходимидан ўзларига ўғил ролини ўйнаб беришни сўраган. 

Фото: SCMP

Хитойда полиция ходими 11 йилдан бери эр-хотиннинг марҳум ўғли ролини ўйнаб келаётгани маълум бўлди. Эркак бунга фалажланган аёлнинг турмуш ўртоғини илтимоси билан рози бўлган.

Қайд этилишича, Хитой шимолидаги Шанси провинциясида яшаб келган Ся Чжанхай ҳамда унинг рафиқаси Лян Цяоин газ сизиб чиқиши оқибатида ўғлидан айрилган. Фожиа оқибатида аёл фалажланиб қолган ҳамда унинг ақлий қобилияти зарар етган.

Ўғлининг ўлими Лянга қаттиқ таъсир қилган, шу сабабдан Ся уни тинчлантириш мақсадида фарзанди узоқ шаҳарда ишлаётганини айтиб, ёлғон гапирган. Бир сафар Ся телевизион дастурда шанхайлик полициячи Цзян Цзинвейни кўриб, у марҳум ўғлига жуда ўхшаб кетишини пайқаб қолган.

2013 йил охирида эркак Цзян билан шоулардан бири орқали танишиб, ундан ёрдам сўраган. Полициячи шоуда эр-хотинни худди ўғилидек кутиб олган, аёл эса кўзида ёш билан уни бағрига босган. 2016 йилда Цзян «ота-онаси»ни Шанхайга экскурсияга таклиф қилган, 2018 йил бошида эса таътил олиб, Шансига борган.

У 11 йилдан бери эр-хотин билан видеоқўнғироқлар орқали алоқада бўлиб турибди. Яқинда амалга ошган видеоқўнғироқ давомида Лян «ўғлининг» бошидаги оқ сочларга эътибор қаратиб, «ўғлим, сен ҳам қариябсан», деган. Сентябр охирларида Ся Шанхай жамоат хавфсизлиги бюросига таъсирли мактуб йўллаб, «ўғли»га миннатдорчилик билдирган.

«Бундай ғамхўр ва масъулиятли полициячини тарбиялаганингиз учун раҳмат. Ўн йилдан ошиқроқ вақт олдин Цзян ўғил ролини ижро этиб, бир пайтлар юраги эзилган оиламизга янги ҳаёт олиб келди», — деб ёзади эркак. 

Цзяннинг ўзига ҳеч қанақа қариндош бўлмаган жуфтликка нисбатан садоқати ижтимоий тармоқлардаги кўплаб фойдаланувчиларнинг олқишига сазовор бўлди. «Меҳрибонлигингиз учун раҳмат сизга Цзян. Ушбу жуфтликни боғлаб турган муносабатлар қондошликдан ҳам аълороқдир», — деб ёзади WeChat фойдаланувчиларидан бири.

Мавзуга оид