Сенатнинг эллик тўққизинчи ялпи мажлисида сенаторлар томонидан “Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 206 ва 248-моддаларига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш ҳақида”ги қонун кўриб чиқилди. Бу ҳақда Сенат ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Senat.uz

Маълум қилинишича, бугунги кунда мамлакатда маъмурий назорат ва пробация назоратидаги шахслар ўртасида кенг қамровли профилактика чора-тадбирлари амалга оширилишига қарамасдан улар томонидан содир этилаётган ҳуқуқбузарликлар сони ортиб боряпти. Бу эса мазкур йўналишдаги ҳуқуқий таъсир чораларининг қайта кўриб чиқилишини талаб этмоқда.

2023 йилда маъмурий назорат қонуни таъсири остига тушувчи 5 529 нафар шахсга нисбатан маъмурий назорат ўрнатилган. 2024 йилнинг 9 ойида 5 689 нафарни ташкил этган ва бу тоифадаги шахслар 160 нафарга ортган.

Бундан ташқари, 2023 йилда 83 763 нафар шахс ички ишлар органларининг пробация назоратида турган бўлса, 2024 йилнинг 9 ойида бу кўрсаткич 86 226 нафарни ташкил этган. Яъни жорий йилда бундай шахслар 2 463 тага кўпайган.

2023 йилда маъмурий назоратда турган 4 167 нафар шахс судлар томонидан ўрнатилган тақиқ (чеклов)ларга риоя қилмаганлиги учун уларга биринчи маротаба маъмурий баённомалар расмийлаштирилган. 2024 йилнинг 9 ойида 3 153 нафар шахсга маъмурий баённомалар тузилган.

Айнан шу тоифадаги шахслар судлар томонидан белгиланган тақиқ (чеклов)ларга бир неча бор риоя қилмаганлиги учун 2023 йилда 717 нафар ва 2024 йилнинг 9 ойида эса 637 нафар шахс Жиноят кодексининг 226-моддаси (Маъмурий назорат қоидаларини бузиш) бўйича жавобгарликка тортилган.

Қайд қилинишича, бугунги кунда суд томонидан белгиланган чекловлар ва мажбуриятларга риоя этмаётган пробация назоратидаги шахслар томонидан ҳуқуқбузарликлар содир этилаётгани туфайли, шу жумладан оғир ёки ўта оғир жиноятларнинг олдини олиш бўйича тезкор ҳамда таъсирчан чоралар кўрилишини таъминлаш мақсадида ички ишлар органлари пробация бўлинмалари ходимларига қўшимча ваколатларни бериш зарурати юзага келмоқда. Шу боис Ички ишлар вазирлиги томонидан назорат остида турган махсус тоифа шахслар ўртасида қонун устуворлигини таъминлаш, уларда қонунга итоаткор хулқ-атворни, инсонга, меҳнатга, ижтимоий турмуш қоидалари ва анъаналарига ҳурмат муносабатини шакллантириш мақсадида қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган.