Жаҳон | 09:40 / 30.10.2024
3805
2 дақиқада ўқилади

РФда актёр Артур Смолянинов сиртдан ҳибсга олинди

Россияни тарк этган Смолянинов Россия Қуролли кучларига нисбатан нафрат қўзғатиш ва «фейклар»да айбланмоқда, дея хабар беради Москва суди. Ҳибсга олиш муддати 2 ой.

Артур Смолянинов Фото: Екатерина Чеснокова/РИА Новости

Москванинг Басманний район суди актёр Артур Смоляниновни сиртдан ҳибсга олди. Суд терговнинг 2 ой муддатга қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини танлаш ҳақидаги илтимосини қаноатлантирди, деб хабар қилди 29 октябр, сешанба куни Москва умумий юрисдикция судлари матбуот хизмати.

Смолянинов иккита моддада айбланмоқда

Россия Федерациясидан ташқарида бўлган актёр нафрат қўзғатиш ва инсон қадр-қимматини камситиш моддалари бўйича жиноят содир этганликда, шунингдек, Россия армияси ҳақида «фейклар» тарқатишда айбланмоқда, дея хабар беради матбуот хизмати.

Ҳибсга олиш муддати «Смолянинов Россия Федерацияси ҳудудига экстрадиция қилинган пайтдан бошлаб ёки Россия Федерацияси ҳудудида ҳибсга олинган пайтдан бошлаб» ҳисобланади.

2023 йил январ ойида Артур Смолянинов Россия Федерациясида «чет эл агенти» деб эълон қилинди ва кейинчалик у Росфинмониторингнинг «террорчилар ва экстремистлар» рўйхатига киритилган. 2023 йилда «Новая газета Европа»га берган интервюсида Смолянинов Украина Қуролли кучлари томонида жанг қилишга тайёрлигини айтди. Шундан сўнг РФ Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикин унга нисбатан жиноий иш қўзғатилишини талаб қилди.

Россия Федерациясининг Украинага қарши кенг кўламли уруши бошланганидан бери Артур Смолянинов урушга қарши баёнотлар билан чиқди, бунинг учун у давлат томонидан молиялаштирилган бир нечта лойиҳаларда иштирок этишдан маҳрум бўлди. 2022 йил октябр ойида актёр РФ Қуролли кучларини «обрўсизлантириш» ҳақидаги маъмурий модда бўйича жаримага тортилди. Ўша йилнинг кузида у Россияни тарк этди.

Мавзуга оид