27 октябр куни кечқурун дронлар Воронеж областининг Новохопёрск шаҳридаги «Этанол спирт» спирт заводига ҳужум қилди. Бу ҳафта ичида рўй берган иккинчи шундай ҳужум бўлди.
Воронеж области губернатори Александр Гусев пилотсиз қурилма «хўжалик биноси томига қулагани»ни маълум қилди. Мулозимнинг сўзларига кўра, ёнғин келиб чиқмаган ва ҳеч ким талафот кўрмаган.
Худди шундай ҳужумга Воронеж областининг қўшни Анненск районидаги корхона ҳам дучор бўлган. У ерда эҳтимолий нишон маҳаллий спиртзавод ёки «Анненнефтпродукт» нефт базаси бўлган.
Бунгача Россиядаги спирт заводларга ҳужум 22 октябр куни рй берган. Ўшанда Тула, Тамбов ва Воронеж областларидаги корхоналарга талафот етказилган.
Операцияда ўнлаб зарбдор дронлардан фойдаланилган.
Ҳарбий мақсадлар учун спирт
Ўтган йили россияликлар рекорд миқдорда алкоголли ичимликлар харид қилишган. 2023 йилда мамлакатнинг ҳар бир фуқаросига ўртача 8 литр тоза спирт тўғри келган — бу сўнгги тўққиз йил ичидаги рекорд.
Бироқ, Украина ҳукумати иддаосига кўра, улар спирт заводларини ҳарбий мақсадларда йўқ қилишмоқда. Украина миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгашининг дезинформацияга қарши курашиш маркази раҳбари Андрий Коваленкога кўра, Украинанинг пилотсиз парвоз қурилмалари чиндан ҳам Россиядаги спирт заводларини нишонга олмоқда. Лекин у мазкур корхоналарини «ҳарбий объектлар» деб ҳисоблаш мумкинлигини қайд этган.
«Россияда спирт заводлари нафақат спирт ишлаб чиқаради, шунингдек, ҳарбий мақсадлар учун турли кўринишдаги тоза ёқилғи ва портловчи моддалар ҳам тайёрлайди. Шунинг учун уларга ҳужум қилинмоқда. Буларнинг барчаси ташқаридан бошқача кўринса ҳам, аслида ҳарбий объектлар», деган у.
Унинг сўзларига кўра, спирт заводларида ракеталар ва авиация учун ёнилғи, портловчи моддалар ишлаб чиқарилади. Шунингдек, спиртдан авиацияда ҳам фойдаланилади: уни ёнилғига, тормоз тизимларига, тозалаш учун ишлатиладиган суюқликлар ва музлашнинг олдини олувчи суюқликларга қўшишади.
Чиндан ҳам шундайми?
Спиртдан чиндан ҳам портловчи модда ишлаб чиқаришда фойдаланиш мумкин. Аниқроғи, гидролиз ёрдамида у аввалига этиленгликолга айлантирилади, сўнгра этиленгликолдинитрат (ЭГДН) ёки нитрогликол деб аталувчи портловчи бирикмага.
Илк марта тоза нитрогликолни 1870 йилда белгиялик кимёгар Луи Генри 0 даражагача совитилган азот ва олтингугурт кислоталари аралашмасига этиленгликол қўшиш йўли билан ҳосил қилган. 1914 йилда ундан Германияда динамитнинг антифризи сифатида фойдаланилган.


















