1 ноябр куни АОКАда ўтказилган брифингда Давлат кадастрлари палатаси Республика топонимика хизмати бошқармаси бошлиғи Дилноза Камолова ижтимоий тармоқларда нотўғри талқин қилиниб, кўп танқидга учрайдиган айрим жой номлари ҳақида маълумот берди.

Facebook, Instagram каби ижтимоий тармоқларда баъзи фойдаланувчилар томонидан жой номлари билан боғлиқ “Кулинг, умрингиз узаяди”, “Ўзбекистондаги ғалати номлар” сарлавҳаси остида қўйилган постларга тез-тез кўзимиз тушади. Тўғри, постларда келтирилган номлар бир қарашда кулгили ёки ғалати туюлиши мумкин, албатта. Лекин ўзбек халқининг кўп асрлик тарихи, маданияти, жойнинг хусусиятини тушунган киши учун бу номлар кулгили ҳам, бачкана ҳам, ғалати ҳам эмас аслида”,дейди Республика топонимика хизмати расмийси.

Фото: AOKA

Дилноза Камолова Ўзбекистонда кўп танқидга учрайдиган айрим жой номлари ва уларнинг тарихига изоҳ берган.

  • Яланғоч — чиройли ер демакдир. Ўрта асрларда ижод қилган Маҳмуд Кошғарий туркий сўзлар луғати дея ном қозонган “Девону луғатит турк“ асарида “Яланғоч“ — теп-текис, яланглик, яъни очиқ жой деган маънони беришини қайд этган. Чиройли, кенг текислик жойларни яланғоч дейишган, бу эски соф ўзбек тилидаги ном ҳисобланади. Яланғоч – ҳозирда Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманидаги кичик даҳанинг номи.
  • Хартум – Андижон вилоятидаги қадимий қишлоқ номи. Андижонсой ўрни бўлмиш қадимги дарё ўзанининг шаклан хартумга ўхшаш адир билан кесишадиган жойи.
  • Оёқ – Хоразм вилоятидаги қишлоқ номи. Туркий сўз ҳисобланган “Оёқ” – паст деган маънони ифодалаб, “пастки қишлоқ” маъносини англатади.
  • Яйпан – Фарғона вилоятидаги шаҳарча номи. Қўқон хонлигининг архив ҳужжатларида “ёзи паён” яъни текислик, яланглик маъносини берувчи географик термин сифатида ишлатилган.
  • Такалик – Жиззах вилоятининг Нурота тоғ тизмасида жойлашган довон бўлиб, тоғ эчкиси кўп бўлган жой маъносида.
  • Лағмон – Қашқадарё вилоятидаги қишлоқ номи. Лаҳм, лағм – ер, яъни остидан ер устига сув чиқарадиган анжом маъносида.