Ўзбекистон | 14:08
2019
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев: Фаластин қочоқларига ёрдам бериш агентлиги фаолиятини чеклашга қаратилган ҳаракатларни кескин қоралаймиз

"Ғазо сектори ва Ливандаги мисли кўрилмаган гуманитар фожиани, тинч аҳолига қарши вайронкор ҳужумларни, айниқса, бегуноҳ болалар, кексалар ва аёллар қурбон бўлаётганини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди", деди президент.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Бишкек шаҳрида Туркий давлатлар ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгаши мажлисида нутқ сўзлади.

Давлат раҳбарига кўра, ташкилот доирасида сиёсий ва хавфсизлик масалаларида мулоқотларни тизимли давом эттириш, умумий манфаатлардан келиб чиқиб, халқаро муаммолар бўйича якдил ва аниқ позицияни фаол илгари суриш мақсадга мувофиқдир.

"Бу ўринда гап, энг аввало, Яқин Шарқда давом этаётган адолатсиз уруш ва кузатилаётган икки ёқлама стандартлар ҳақида бормоқда. Ғазо сектори ва Ливандаги мисли кўрилмаган гуманитар фожиани, тинч аҳолига қарши вайронкор ҳужумларни, айниқса, бегуноҳ болалар, кексалар ва аёллар қурбон бўлаётганини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Фаластин қочоқларига ёрдам бериш бўйича махсус агентлиги фаолиятини чеклашга қаратилган ҳаракатларни ҳам кескин қоралаймиз.

Мазкур кўп йиллик низонинг ягона ечими – халқаро меъёрий ҳужжатлар ва резолюцияларга мувофиқ, 1967 йилдаги чегаралар асосида, пойтахти Шарқий Қуддус бўлган мустақил Фаластин давлатини тузишдир", деди Шавкат Мирзиёев.

Қайд этилишича, кейинги ҳафта Ар-Риёд шаҳрида араб-мусулмон давлатлари саммити ўтади. Президент унда бу муаммога аниқ сиёсий ечим топилишига умид билдирди.

"Хавфсизлик ҳақида тўхталганда, Афғонистон масаласи Ташкилотимиз доирасида доимо диққатимиз марказида бўлиши лозим. Бу борада вазирлар ва экспертлар даражасидаги мунтазам мулоқот механизмини йўлга қўйиш муҳимдир.

Афғонистондаги ўткир муаммоларни ҳал этишда амалдаги ҳукуматга ёрдам кўрсатиш, бу давлатни минтақавий иқтисодий жараёнларга кенг жалб этиш, ижтимоий ва инфратузилма лойиҳаларини рўёбга чиқариш масалалари албатта кўриб чиқилиши лозим, деб ҳисоблаймиз", деди Ўзбекистон президенти.

Мавзуга оид