Жаҳон | 23:05 / 07.11.2024
7515
2 дақиқада ўқилади

Австралиядаги пляждан топилган сирли шарлар таркиби маълум бўлди

Сирли шарлар Сиднейдаги Куджи пляжида пайдо бўлган ва улар нефтнинг чиқинди ҳамда сув билан таъсири натижасида шаклланган дея тахмин қилинган эди.

Фото: ABC News

Янги Жанубий Уэлс университети олимлари Сидней соҳилларида пайдо бўлган сирли қора шарлар таркибини ўрганди. Таҳлиллар натижасида ушбу шарлар таркиби нефтдан эмас, балки совун, микропластик ва турли кимёвий моддалардан иборат экани маълум бўлди.

Сирли шарлар 16 октябр куни Сиднейдаги Куджи шаҳри пляжида пайдо бўлган. Аввалига ушбу сфералар нефтнинг чиқинди ва сув билан таъсири натижасида шаклланган дея тахмин қилинди. Аммо тадқиқотчилар шарлар табиий пайдо бўлганига шубҳа билдириб, уларни ўрганишни бошлади. Табиий фанлар факультети олимлари томонидан ўтказилган қатор таҳлиллар давомида шарлар таркибида юзлаб моддалар, жумладан, ўсимлик ёғи, совун кўпиги, пестицидлар ва бошқа кимёвий моддалар борлиги аниқланди.

Радиоуглерод таҳлил мазкур шарлар замонавий (70 фоиз) ва табиий углероддан (85 фоиз) таркиб топганини кўрсатди. Замонавий углерод манбаси — дарахтлар, озиқ-овқат чиқиндилар, биоёқилғи ва бошқа материаллар бўлиб, улар охирги ўн йилликларда шаклланган. Табиий углерод — нефть, кўмир ва табиий газ.

Профессор Уилям Александр Доналднинг таъкидлашича, шарлар таркибидаги калций органик моддалар билан реакцияга киришиб, мустаҳкам шаклни ҳосил қилган. Улар таркиби жиҳатдан канализация тизимларида ҳосил бўладиган ёғ бўлакларига ўхшайди. Таъкидланишича, шарларнинг пайдо бўлишига маиший ва саноат чиқиндилари сабаб бўлган.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид