Жаҳон | 22:21 / 09.11.2024
6508
2 дақиқада ўқилади

Австралия пляжларида очликдан қийналган минглаб бўронқушлар жасади пайдо бўлди

Одатда октябр охирларидан бошлаб ўлган бўронқушлар Квинсленд жануби-шарқий пляжларида пайдо бўлади. Аммо охирги ҳафталарда Янги Жанубий Уэлс ва Викториядан ҳам шу каби хабарлар келиб тушмоқда.

Фото: Lauren Roman

Австралиянинг шарқий соҳилларидаги пляжларда озиб кетиш аломатлари билан минглаб бўронқушлар жасади пайдо бўлди, деб хабар беради The Guardian.

Қайд этилишича, ҳар йили баҳорда бўронқушлар шимолий яримшардан Австралия жанубига учиш ва ортга қайтиш орқали 15 минг километр қанот қоқади. Одатда октябр охирларидан бошлаб ўлган бўронқушлар Квинсленд жануби-шарқий пляжларида пайдо бўлади. Аммо охирги ҳафталарда Янги Жанубий Уэлс ва Викториядан ҳам шу каби хабарлар келиб тушмоқда.

Тасмания университети қошидаги Денгиз ва Антарктика тадқиқотлари институтида бўронқушларни ўрганиш билан шуғулланувчи Лорен Романнинг таъкидлашича, қанча қуш нобуд бўлганини ва уларнинг ўлимига нима сабаб бўлганини аниқлаш мушкул. Унинг сўзларига кўра, денгиз қушларининг бундай катта кўламда нобуд бўлиши одатда ҳар йилги кўчиш вақтида юз беради.

Фото: Mary-Anne Lea

«Қушларнинг ўлиш ҳолатлари ортиб бормоқда, деган фикрлар бор. Аммо улар ростдан ҳам олдингидан кўпроқ нобуд бўляптими ёки одамлар смартфон ва ижтимоий тармоқлар орқали бу каби ҳолатлардан кўпроқ хабардор бўляптими — айтиш қийин», — дейди Роман.

Унинг таъкидлашича, 2013 йилда миллионлаб денгиз қушлари нобуд бўлган, бироқ уларнинг ўлими ҳозиргидек кенг ёритилмаган.

Шу билан бирга, Adrift Lab олимлар гуруҳи вакили Женнифер Лаверснинг маълум қилишича, денгиз қушларининг бундай кўламда қирилиб кетиши одатий ҳолат эмас ва «эволюция нуқтаи назаридан маънога ҳам эга эмас». Унинг сўзларига кўра, соҳилга чиқариб ташланган қушлар ҳаддан ортиқ озғин бўлган, бу улар озиқ-овқат топишда қийналганидан далолат беради.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид