Жаҳон | 13:26 / 11.11.2024
1395
5 дақиқада ўқилади

Шолц ишонч тўғрисидаги масала йил охиригача кўтарилишини истисно этмади

Германия канцлери мухолифатнинг мамлакатда муддатидан олдин сайловлар ташкил этишни эрта бошлаш ҳақидаги талабларини инобатга олиши мумкин.

Фото: Carsten Koall/dpa/picture alliance

Германия канцлери Олаф Шолц католиклар Рождествоси арафасида Бундестагда ўз ҳукуматига ишонч масаласи кўтарилишини истисно этмади, гарчи у дастлаб бу тартибни фақат 2025 йил январ ойи ўрталарида амалга оширишни режалаштирган эди. Бу ҳақда 10 ноябр, якшанба куни Германиянинг ARD телеканали бошловчиси Карен Миозга билан суҳбатда Шолцнинг ўзи маълум қилди.

«Рождество олдидан ишонч масаласини кўтариш бўйича менда ҳеч қандай муаммо йўқ, агар ҳамма буни хоҳласа», — деди канцлер. Шолцнинг сўзларига кўра, расмий равишда у канцлер сифатида бу қадамни ўзи бошлаши керак, жараён аллақачон 15 январ кунига эълон қилинган. Бироқ, агар Германия Социал-демократик партияси (ГСДП) парламент фракцияси раҳбари Ролф Мютцених ва ХДИ/ХСИ мухолифат блоки раҳбари Фридрих Мерц канцлерга ишонч масаласини кўтариш санаси бўйича келишувга эришса, Шолц «буни ҳисобга олади».

«Тўғридан тўғри эълон қиламанки, агар парламент, ҳукумат ва мухолифат аъзолари, айниқса, демократик партиялар келишувга эришса, мен шундан келиб чиқаман», деди Германия канцлери.

Шолц қўшимча қилишича, у «ўз лавозимига ёпишмайди», лекин эҳтимолий эрта сайловларга тайёргарлик кўришда барча расмиятчиликларга риоя қилиш керак. Мисол тариқасида канцлер 2021 йилги парламент сайловлари вақтида шаҳардаги сайлов участкаларида ташкилий тартибсизликлар туфайли 2024 йил февралида Берлинда бўлиб ўтган Бундестагга қисман қайта сайловларни келтирди.

Шолц ишонч масаласи кўтарилишидан олдин қатор қонунларни илгари суришга уринади

Рождествога қолган ҳафталарда Германия канцлери Бундестагда бир нечта — шошилинч, унинг таъбири билан айтганда — ҳукумат лойиҳаларини маъқуллатмоқчи. Хусусан, гап Европа ва Германияга қочқинлар оқимини чеклашга қаратилган ўтган йили Европа Иттифоқида қабул қилинган қарорларнинг Германия қонунчилигига татбиқ этилиши ҳақида бормоқда.

Ушбу қонуннинг эрта сайловлар олдидан қабул қилиниши Шолц ва унинг тарафдорлари фойдасига ишлаши керак, чунки сўнгги йилларда миграция муаммоси Германиянинг ҳозирги ҳукумати танқид қилинишига энг асосий сабаблардан бирига айланди. Бироқ бу қонуннинг энди қабул қилиниши мухолифатга боғлиқ — Германияда ҳукмрон коалиция парчаланганидан кейин Шолц ҳукумати унинг овозларига муҳтож.

Фридрих Мерц ҳам миграция қонунчилигини кучайтириш тарафдори бўлганини бир неча бор айтган. Шу сабабли, мухолифат ҳукмрон партияларга «сайлов совғалари» қилишни истамаса ҳам, христиан демократлар Шолц ташаббусини қўллаб-қувватлашлари ёки нима учун ўзлари таъкидлаган чораларга қарши овоз беришларини тушунтиришлари керак бўлган ҳолатда қоладилар.

Шу билан бирга, айнан Мерц Шолц белгилаган санадан олдин ҳукуматга ишонч масаласини кўтаришни талаб қилмоқда. Мухолифат етакчиси, агар Шолц ўз лавозимида қолмаса, канцлер бўлишга асосий даъвогарлардан бири ҳисобланади.

Германияда ҳукмрон коалициянинг қулаши

6 ноябр оқшомида Олаф Шолц молия вазири ва Эркин демократик партия (ЭДП) раиси Кристиан Линднерни ҳукмрон партиялар раислари ва уларнинг парламентдаги фракциялари раҳбарларини ўз ичига олган коалиция қўмитасидаги можаролар авж олганидан сўнг ишдан бўшатди. 

Қўмита йиғилишида Линднер ўзининг коалициядаги ҳамкорлари — ГСДП ва «Иттифоқ-90»/«яшиллар» партиясини мамлакатда муддатидан олдин парламент сайловларини ўтказишга рози бўлишга таклиф қилди. Бу ҳолатда, ОАВ ёзганидек, у Германия учун қўшимча бюджетни қабул қилишга тайёр бўларди ва парламент сайловлари ўтказилгунга қадар ўтиш давридаги вазирлар маҳкамаси таркибида қолади.

Линднернинг ишдан бўшатилишини шарҳлар экан, Шолц собиқ вазир унинг ишончини сўндириб, умумий манфаатга эмас, балки «мижозлари ва партиясига» хизмат қилганини айтди. Бироқ, Германияда муддатидан олдин сайловлар ўтказилиши мумкинлиги ҳақидаги мунозаралар бир неча ойдан бери давом этмоқда ва бунинг учун муҳим шартлар сентябр ойининг охиридан бери юзага келган. Ўшанда «Иттифоқ-90»/«яшиллар»нинг бутун раҳбарияти партиянинг Германия шарқидаги учта федерал ерларда ландтагларга, ундан олдин — Европа парламентига сайловлардаги катта муваффақиятсизликларидан сўнг истеъфога чиқди.

Линднернинг ишдан бўшатилиши ЭДПнинг ҳукмрон «светофор» коалициясини тарк этишига олиб келди ва шу билан уни Бундестагда озчиликда қолдирди. Шу фонда Шолц 15 январ куни Германиянинг амалдаги ҳукуматига Бундестагда ишонч вотуми ўтказиш ташаббуси билан чиқиш ниятида эканлигини маълум қилди. Қўллаб-қувватлаш бўлмаса — экспертларнинг фикрига кўра, канцлер айнан шунга умид қилмоқда — мамлакатда 2025 йил март ойида бўлиб ўтиши мумкин бўлган муддатидан олдин сайловлар ташкил қилиниши керак.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид