Жаҳон | 23:23 / 12.11.2024
1786
2 дақиқада ўқилади

Shell CO2 чиқаришни камайтириш бўйича суд қарори устидан киритган апелляцияни ютиб чиқди

Ҳаага судига кўра, мазкур нефт ва газ компанияси халқаро иқлим ҳимоясига ўз ҳиссасини қўшиши керак, аммо у чиқарилаётган зарарли газни айнан «45 фоиз ёки бошқа қанчадир фоизга қисқартиришга мажбур эмас».

Фото: picture-alliance/dpa

Ҳаагадаги апелляция суди иқлим ўзгариши туфайли карбонат ангидрид гази чиқиши қисқаришини тезлаштириш бўйича Shell компаниясига нисбатан округ суди томонидан чиқарилган қарорни бекор қилди.

Суд қарорига кўра, Shell халқаро иқлим ҳимоясига ўз ҳиссасини қўшиши керак, аммо компания чиқарилаётган зарарли газни айнан «45 фоиз ёки бошқа қанчадир фоизга қисқартиришга мажбур эмас».

«Айни вақтда иқлимшуносликда Shell каби аҳлоҳида компаниялар риоя қилиши керак бўлган аниқ қисқартириш фоизлари борасида етарлича битимлар йўқ», — дейилади апелляция инстанцияси қарорида.

Суд, шунингдек, Shell’нинг исталган битта компанияга қарши чиқарилган қарор самарасиз бўлиши, чунки бошқа етказиб берувчилар ёнилғи ўрнини «қоплаши» борасидаги далилини қўллаб-қувватлади. Шу билан бирга, суд нефт ва газ компанияси зиммасига «карбонат ангидрид чиқаришни чеклаш» мажбуриятини юклади.

2021 йил май ойида Ҳаага округ суди 2030 йилга бориб Shell атмосферага карбонат ангидрид гази чиқаришни 2019 йилга нисбатан 45 фоизга қисқартириши кераклиги ҳақида қарор чиқарганди. Компанияга қарши даъво Нидерландиядаги Friends of the Earth International бўлинмаси бошчилигидаги еттита экологик ташкилот томонидан киритилган.

Shell суднинг ушбу қарорига нисбатан апелляция бериб, корпоратив чиқиндилар — бу суд орқали эмас, балки сиёсий масала эканини таъкидлади. «Суднинг қароридан мамнунмиз, биз буни глобал энергияга ўтиш, Нидерландия ва компаниямиз учун тўғри деб ҳисоблаймиз», — дейди Shell бош директори Ваэл Саван.

Мавзуга оид