Жаҳон | 01:19 / 05.10.2024
5448
2 дақиқада ўқилади

Буюк Британия карбонат ангидридни сақлайдиган майдончаларни яратишга салкам 30 млрд доллар ажратади

Натижада ҳавога чиқариладиган карбонат ангидрид ҳажми йилига 8,5 миллион тоннадан ортиққа камаяди — бу йўллардан 4 миллионта автомобил олиб ташланганига тенг.

Фото: Report.az

Буюк Британия ҳукумати ўтган ҳафта мамлакатда охирги кўмир электр станцияси ёпилганидан кейин 25 йил давомида карбонат ангидрид газини тутиб қолиш ва сақлаш учун 28,4 миллиард доллар ажратишни режа қилмоқда. Бу ҳақда ҳукуматнинг расмий сайтида сўз боради.

«Ҳукумат Буюк Британияда карбонат ангидридни сақлаб турувчи биринчи объектлар ишга туширилишини молиялаштиришини тасдиқлайди. Бу минглаб янги иш ўринларини яратишга, миллиардлаб хусусий инвестицияни рағбатлантиришга ва «соф нол»га ўтиш жараёнини тезлаштиришни қўллаб-қувватлашга хизмат қилади», — дейилади хабарда.

Бу турдаги иккита майдонча Тиссайд (мамлакат шимоли-шарқида) ва Мерсисайд (шимоли-ғарбда) туманларида жойлашади. Улар ушбу ҳудудлардаги саноат марказларининг ўсишига хизмат қилади ва тўғридан-тўғри 4 мингта иш ўрни яратиб, бир вақтнинг ўзида мамлакатнинг қолган қисмини энергия билан таъминлайди.

Таъкидланишича, зарарли газларни тўплашга қаратилган лойиҳаларга 10,5 миллиард доллар хусусий инвестиция жалб этилиши мумкин.

Шу билан бирга, ҳавога чиқариладиган карбонат ангидрид ҳажми йилига 8,5 миллион тоннадан ортиққа камаяди — бу йўллардан 4 миллионта автомобил олиб ташланганига тенг.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид