Ўзбекистон | 17:35 / 27.11.2024
13507
3 дақиқада ўқилади

Зўравонликнинг сўзсиз ифодаси – Тошкентда ўтаётган “НеУят” кўргазмасидан репортаж

10 дан ортиқ ижодкор аёл-қизларнинг ишлари “НеУят” экспозициясида намойиш қилиняпти. Уларнинг видеоролик, расм ва инсталляцияларида зўравонликка учраган аёллар сукут сақламаслиги кераклиги тасвирланган.

Тошкент шаҳридаги 139 Documentary Center’да “НеУят” экспозициялари намойиши бўлиб ўтмоқда. Унда 10 дан ортиқ ижодкорларнинг видео, расм ва инсталляциялари намойиш қилиняпти. Улар орасида инталляциялар алоҳида ўрин эгаллайди. Кўргазма Nemolchi.uz лойиҳаси томонидан ташкил қилинган ва у 14 декабргача давом этади.

“Фемицидга бағишланган матоли инсталляция ”. Анна Иванова

Масалан, Анна Иванова “Фемицидга бағишланган матоли инсталляция” асарида матодан тикилган 179 қўғирчоқ акс этган. БМТнинг Аҳолишунослик жамғармаси маълумотларига кўра, бу Ўзбекистонда 2021 йилда ўлдирилган 179 нафар хотин-қизларнинг ўлдирилиши билан боғлиқ жиноятларга атаб тайёрланган.

Мастура Ҳамро тайёрлаган

Худди шундай инсталляциялардан яна бири Мастура Ҳамронинг қизил чизиқли ижодий иши. Ижодкор унда Ўзбекистонда 2015 йилдан 2021 йилгача юз берган фемицидлар статистикасини кўрсатишга урғу берган.

“Зўравонлик зўравонликни келтириб чиқаради”. Нигина Гайдук

Яна бир муҳим инсталляция Нигина Гайдукнинг “Зўравонлик зўравонликни келтириб чиқаради” асари. Унда зўравонликка учраган аёл ўз ҳаётида ҳам буни такрорлаши мумкинлигини эслатмоқчи бўлган.

“Болаликнинг сўнгги куни”. Катерина Слапогузова

Экспозицияда Катерина Слапогузованинг инталляцияси ҳам намойиш этиляпти. Бурчакда қизнинг хонаси ва унинг хотираларини эслатувчи деталлар жойлаштирилган.

“Баъзан мен тўкиламан”. София Сейтхалил

Шунингдек, кўргазмада София Сейтхалилнинг “Баъзан мен тўкиламан” деб номланган видеоролигини ҳам томоша қилишингиз мумкин. Ролик зўравонликка учраган 10 қизнинг ҳикоялари асосида тайёрланган.

“Харитада йўқ жойлар”. Зилола Қаҳрамонова

Яна бир эътиборни тортадиган ғоялардан бири Зилола Қаҳрамонованинг “Харитада йўқ жойлар” материали. Деворга Тошкент шаҳри харитаси жойлаштирилган. Кўргазмага келувчилар зўравонликка қарши тавсия, хотираларини ёзиб қолдиришади.

Экспозицияда яна бир қанча бир-бирини такрорламайдиган ишлар билан танишишингиз мумкин.

“Муҳаббат манифести”. Шарифа Шарафхўжаева

“Шоҳмарон”. Ойжон Хайруллаева

“Шайтон” Ойжон Хайруллаева
“Опа. Қиз. Она”. Даря Канти
“Сўзана учун янги нақш. Аёллар ҳикоялари”. Анна Иванова

Маълумот учун кўргазмага сешанбадан якшанбагача 11:00-19:00 да бориш мумкин. Унга кириш бепул. 29 ноябр куни 19:00 да Тилланисо Нурёғдининг “Феминизм ва ўзбек шоиралари”, 7 декабр 18:30 да эса “Ўзбек романида аёл қалами” мавзусида маърузаси бўлади. 10 декабр 19:00 да эса Нигина Худайбергенованинг “2023 йилда Ўзбекистонда оилавий зўравонлик бўйича жиноий ишлар: тизимли муаммолар ва тавсиялар” тадқиқоти тақдимоти ўтказилади.

Манзил: 139 Documentary Center галереяси, Тарас Шевченко кўчаси, 8 (мўлжал — Патрики қаҳвахонаси).

Зуҳра Абдуҳалимова тайёрлади.

Мавзуга оид