Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ташаббуси билан ташкил этилган мазкур кўргазмада 1920–1930 йилларда яратилган ўзбек ва рус модернистлари асарларини кўриш мумкин. Бу сўнгги йиллар ичида ўтказилаётган илк халқаро қўшма кўргазма бўлиб, совет даври мафкурасини ўзида акс эттирмаган ва қоғозга туширилганига бир асрдан ошган бўлса ҳам ҳали ҳеч қаерда намойиш этилмаган икки ноёб санъат тўпламини бирлаштиради. Экспозицияда рангтасвир ва график ишланмалардан иборат турли асарлар мавжуд, уларнинг орасида Александр Волков, Соломон Никритин, Александр Шевченко, Климент Редко каби машҳур ижодкорларнинг ишланмалари ҳам бор.
“Ушбу кўргазма маданий меросга ҳурматни ошириш ва одатий бадиий талқинларга янгича ёндашишга қаратилган музейлараро ҳамкорликнинг натижасидир. У санъат тарихининг унутилган ёки бузиб талқин қилинган саҳифаларини очиб беради. Шунингдек, 1920-1930 йилларга фақат авангард ва соцреализм тўқнашуви эмас, балки янги бадиий тил, ички эркинлик ва эстетик тажриба изланган давр сифатида қараш имконини беради”, – дейди Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси раиси Гаяне Умерова.

Кўргазма 1920-1930 йилларда ижод қилган рассомларнинг изланишларини акс эттирувчи мавзулар асосида тартибланган. Ҳар бир бўлимда ўша даврдаги рассомлар қандай фикрда бўлгани ва қайси санъат йўналишларида ишлагани акс этган.
Масалан, “Янги Шарқ мўйқалам усталари” бўлимида Шарқ маданияти ва миллий модернизмга оид асарлар жойлаштирилган. Бу ерда Александр Волков, Николай Карахан ва Ўрол Тансиқбоев каби рассомларнинг ишларини кўриш мумкин. Улар тасвирлаган манзараларда Шарқ меъморчилиги, урф-одатлари, тарихий воқеалар ва оддий инсонларнинг ҳаёти мужассамлашган. Айниқса, Карахан ва Тансиқбоевнинг монументал ва декоратив санъат услубидаги ишлари орқали ўша давр ижтимоий руҳини, миллий уйғониш жараёнларини ҳис этиш мумкин. Ушбу бўлимдаги асарлар ўз даврига оид ижтимоий фикрлар ва маданий изланишлар ҳақида ҳам маълумотларни тасвирлайди.

“Замон сиймолари” бўлими эса ХХ асрнинг 20-30 йилларида яшаган одамларнинг образлари ва портретларига бағишланган. Унда рассомлар оддий инсонларнинг юз ифодаси, кийим-кечаги ва ҳаёт тарзини тасвирлаш орқали давр руҳини етказишга ҳаракат қилган. Асарларда ишчи, деҳқон, зиёлилар каби турли касб эгаларининг сиймолари тасвирланган. Ҳар бир портрет аввалги давр одамлари ҳаёти, уларнинг ички дунёси ва орзуларига назар ташлаш имконини беради, яъни суратлар ўтган аср бошларида янги жамият қуриш учун қандай қадамлар ташланганини ифодалайди.



























































