Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Керч бўғозида Россиянинг икки танкери ҳалокатга учради
Камида бир денгизчи ҳалок бўлган. Авария оқибатида денгизга нефт маҳсулотлари сизиб чиққан.
Ноқулай об-ҳаво шароити туфайли Керч бўғозида бортида 13 киши бўлган «Волгонефт-212» танкери ҳалокатга учради. Россия ФВВга кўра, экипажга ёрдам учун Ми-8 вертолёти юборилган, Керчдаги Камиш-Бурун бухтасидан эса Денгиз қутқарувини мувофиқлаштириш марказининг «Меркурий» буксир кемаси йўлга чиққан.
ФВВ маълумотига кўра, нефт маҳсулотларини ташувчи танкери шикастланиб, қумлоққа ўтириб қолган. «Интерфакс» агентлигининг фавқулодда хизматлардаги манбасига кўра, «Волгонефт-212» бортига 4300 тонна атрофидаги мазут ортилган бўлган. Танкердан қутқарув амалиёти доирасида 13 денгизчи эвакуация қилинган, улардан бири вафот этган, дейилади вазирлик хабарида. Экипажнинг 11 аъзоси Анападаги шифохонага ётқизилди, деб хабар беради Краснодар ўлкаси губернатори Вениамин Кондратев. Соғлиқни сақлаш вазирлиги улардан икки нафари оғир аҳволда эканини маълум қилган.
Кўп ўтмай қутқарувчилар Керч бўғозида яна бир юк ташиш кемаси ҳалокатга учрагани ҳақида хабар берди — бу бортида 14 киши бўлган ва тўрт мингдан ортиқ мазут юкланган «Волгонефт-239» танкери эди. Шикастланган кема бошқарувни йўқотган бўлса-да, сув юзасида қолган. Ҳуқуқ-тартибот органларига яқин ҳисобланган Shot телеграм-каналига кўра, ҳодиса рўй берган вақтда икки танкер ҳам соҳилдан саккиз километр масофада бўлган.
Baza телеграм-канали эса оператив хизматлар ходимлари «Волгонефт-239»дан денгизчиларни қутқаришга киришганини хабар қилган. Shot уларнинг ҳаётига таҳдид йўқлигини айтган. РИА Новости «Волгонефт-239» бортидаги экипаж аъзолари билан алоқа мавжудлигини хабар қилган. Кейинроқ ФВВ аниқлик киритиб, кема Краснодар ўлкасидаги Таман портидан 80 метр масофада қумлоққа ўтириб қолганини маълум қилди. Экипажни эвакуация қилиш режалаштирилган.
Ҳалокат жойида олинган ва телеграм-каналларда тарқалган кадрларга кўра, тўлқин зарбасидан кейин танкерлардан бири икки қисмга бўлиниб кетган.
Керч бўғозида танкерлар билан боғлиқ воқеа рўй берган жойда нефт маҳсулотлари сизиб чиқиши рўй берган, деб хабар қилган Росморречфлот. «Денгиз қутқарув хизмати» ва Россия ФВВ кучлари кўлами ҳозирча номаълум бўлган авария оқибатларини бартараф этмоқда. Мутахассислар вазиятни баҳолаш учун зарур ўлчовларни ўтказмоқда, деб хабар берган Росприроднадзор раҳбари Светлана Радионова.
Авария сабаби бўйича асосий версиялар орасида денгизчиларнинг мураккаб метеошароитда хатога йўл қўйгани кўриб чиқилмоқда, деб хабар берган «Интерфакс»нинг денгиз қидирув ва қутқарув хизматидаги манбаси. «Ҳалокат ҳудудида кучли бўрон бўлган. Дастлабки маълумотларга кўра, бир ёки ҳар икки танкер экипажи бундай шароитда офатга бардош бера олмаган ва кемани бошқаришда хатога йўл қўйган. Натижада бир кема бурун қисмида критик шикастланишга учраган», — деган у. РФ ФВВнинг аннексия қилинган Қрим бўйича бош бошқармасидагилар Керч бўғозида кучли шамол ва етти баллик бўрон кузатилганини қайд этишган.
Авариядан кейин Тергов қўмитаси денгиз транспорти ҳаракати ва ҳаракат хавфсизлиги қоидалари бузилгани юзасидан жиноий иш қўзғатган. Денгизчилардан бирининг ўлими ҳақида хабар пайдо бўлгач, идора ишлардан бирини қайта малакалаган — ЖК 263-моддаси, 2-қисмига (эҳтиётсизлик туфайли одам ўлимига олиб келган ҳаракат). Владимир Путин Керч бўғозидаги авария оқибатларини бартараф этиш бўйича бош вазир ўринбосари Савелев бошчилигида ишчи гуруҳ тузишга кўрсатма берган.
«Волгонефт-239» Астрахан портида рўйхатга олинган, кема эгаси ва оператори сифатида «Волгатранснефт» кўрсатилган. «Волгонефт-212» Петербургда рўйхатга олинган бўлиб, унга Пермдаги «КамаТрансОйл» ва «Кама шиппинг» компаниялари эгалик қилади ҳамда бошқаради.
Порт ёзувларига кўра, «Волгонефт-212» ва «Волгонефт-239» танкерлари сўнгги ойларда Керч бўғозидаги «Кавказ» порти ва Волгадаги нефтни қайта ишлаш заводлари причаллари оралиғида қатнаган. Хусусан, «Волгонефт-212» сўнгги ярим йил ичида икки бор «Саратов нефтни қайта ишлаш заводи»да мазут юклаган. Бир сафар танкер «Сизран нефтни қайта ишлаш заводи»дан оғир нефт ёнилғисини экспортга етказиб берган. Ҳар икки завод «Роснефт»га қарашли ҳисобланади.
Greenpeace’дагилар бу авария Қора денгиз акваториясидаги энг йирик техноген фалокатлардан бири бўлиши мумкинлигини қайд этди, ҳозирги шароитларда эса унинг оқибатларини бартараф этиш жуда қийин бўлади. «Бу сувларга нефт ёки нефт маҳсулотлари тўкилиши билан боғлиқ ҳар қандай ҳолат жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин. Улар шамол ва оқимларга (айни вақтда шимоли-шарққа ҳаракатланмоқда) боғлиқ, ҳозирги об-ҳаво шароитида эса уни ўраб олиш жуда қийин. Агар хомашё соҳил томон олиб кетилса, бу соҳил линияси заҳарланишига сабаб бўлади, буни тозалаш эса жуда қийин. <…> Агар кемалар чўкиб кетса, унда нефт ва нефт маҳсулотлари узоқ вақт давомида сизиб чиқиши хавфи пайдо бўлади», — дея қайд этган Greenpeace тадқиқот лабораториялари раҳбари Пол Жонсон «Медуза» сўровига жавобан.
Эколог Сергей Грибалёв «Подъём» билан суҳбатда «тўрт минг тонна, албатта, жуда кўплиги», аммо оқибатлар сизиб чиқиш қанчалик тез локализация қилинишига боғлиқлигини таъкидлаган.