Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Дубай яқинида Кувайт нефт танкерига ҳужум қилинди
Тўлиқ юкланган Кувайт нефт танкерида, у Дубай портида турган пайтда, ҳужум уюштирилганидан сўнг ёнғин чиққан. Маҳаллий ҳокимият маълумотларига кўра, кемага Эрон дрони ҳужум қилган.
Фото: Altaf Qadri/AP
2026 йил 31 мартга ўтар кечаси Буюк Британия Ҳарбий-денгиз кучлари ҳузуридаги Денгиз савдо ташувларини мувофиқлаштириш маркази (UKMTO) ўз сайтида маълум қилишича, БАА соҳиллари яқинида, Дубайдан тахминан 57 километр узоқликда, номаълум снаряд танкерга тегиши оқибатида ёнғин чиққан. Кувайт давлат ахборот агентлиги KUNA маълумотига кўра, гап Al-Salmi номли Кувайт танкери ҳақида кетмоқда.
UKMTO хабарида айтилишича, “номаълум снаряд танкернинг ўнг бортига тегиб, кемада ёнғин чиқарган”. “Экипаж хавфсиз. Атроф-муҳитга таъсир қайд этилмади”, — дейилади хабарда. Дубай ҳокимияти маълум қилишича, кемадаги ёнғинни ўчиришга муваффақ бўлинган. Шунингдек, улар зарба танкерга дрон орқали берилганини билдирган.
Кувайтнинг KUNA агентлиги аниқлик киритишича, Эрон томонидан уюштирилган ҳужум вақтида кема “тўлиқ юкланган” ҳолда лангарда турган. Кеманинг максимал сиғими қарийб 320 минг тонна нефтни ташкил этади. Агентлик шунингдек, “бевосита ва қасддан қилинган” ҳужум кема корпусига шикаст етказгани ва “нефт тўкилиб кетиши хавфини юзага келтиргани”ни қўшимча қилган.
31 мартга ўтар кечаси Дубайда яна бир ёнғин уриб туширилган ракета парчалари Ал-Бада туманидаги ташландиқ уйга тушиши оқибатида келиб чиққан. Шаҳар ҳокимияти маълумотига кўра, бино яқинида бўлган тўрт киши енгил жароҳат олган.
Шу кеча бошқа давлатлар ҳам зарбалар ҳақида хабар берди. Кувайт Мудофаа вазирлиги “душман ракета ва дрон ҳужумлари” қайтарилаётгани ҳақида огоҳлантирган. Баҳрайн Ички ишлар вазирлиги эса мамлакатда ҳужум хавфи туфайли тунги вақтда сиреналар янграганини маълум қилди.
Саудия Арабистони Мудофаа вазирлиги мамлакат томон учиб келган саккизта баллистик ракета йўқ қилинганини билдирди. Бундан ташқари, UKMTO контейнер ташувчи кеманинг ёнига икки снаряд тушгани ҳақида ҳам хабар берган. Бу ҳодиса Саудиянинг Рас-Таннура порт шаҳридан 40 километр масофада содир бўлган.
28 февралдан буён АҚШ ва Исроил Эрон ҳудудига ҳаво зарбалари бермоқда. Бу зарбалар натижасида Эроннинг олий раҳбари Али Хоминаий ҳамда қатор юқори лавозимли амалдорлар ва кучишлатар тузилмалар вакиллари ҳалок бўлган.
Эрон эса бунга жавобан Исроил ва Форс кўрфази давлатларига ракета ҳамда дронлар билан ҳужум қилмоқда. Ислом Республикаси баёнотига кўра, араб давлатларига қилинган ҳужумлардан асосий мақсад — минтақадаги Америка ҳарбий базалари. Эрон зарбалари остида Форс кўрфазидаги қатор мамлакатлардаги нефт омборлари ва нефт танкерлари ҳам қолган. Бундан ташқари, уруш бошланганидан буён Эрон ҳужумларидан Озарбойжон ва Европа Иттифоқига аъзо Кипр ҳам жабр кўрган.
Мавзуга оид
22:42 / 28.03.2026
Эрон Дубайдаги “Украина омбори”га зарба берганини маълум қилди
07:22 / 28.03.2026
G7 нефт захиралари: қайси давлатда қанча?
22:33 / 25.03.2026
Шавкат Мирзиёев ҳузурида нефт-газ тармоғидаги ишлар кўриб чиқилди
12:57 / 24.03.2026