Миср Ўзбекистонда фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқариш имкониятини ўрганмоқда
Мамлакат элчихонаси кўмагида Ўзбекистон Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов ва Мисрнинг энг йирик ACDIMA фармацевтика компанияси раҳбари Улфат Гораб ўртасида онлайн учрашув ташкил этилди.
Мулоқот Ўзбекистон ва Миср ўртасида фармацевтика соҳасида ҳамкорликни янада фаоллаштириш, жорий декабр ойида Тошкентда бўлиб ўтадиган Ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг навбатдаги йиғилишига тайёргарлик кўриш доирасида ўтказилди.
Компания раҳбари жорий йил 22-24 декабр Ҳукуматлараро қўшма комиссия йиғилиши ўтказилиши муносабати билан Ўзбекистонга сафари режалаштирилганини билдирди. Шундан келиб чиқиб, Улфат Гораб Ўзбекистонга сафари мазмунли ва самарали ўтишидан умиди катта эканлиги ва аниқ натижаларга эришишдан манфаатдорлигини таъкидлади.
ACDIMA раҳбари компаниянинг Ўзбекистондаги фаолият стратегияси ҳақида гапирар экан, соҳага замонавий технологиялар киритиш ва мамлакатимизда фармацевтика маҳсулотларини ҳамкорликда ишлаб чиқариш ва катта бозорга эга минтақада экспорт йўлга қўйиш белгилаб олганлигини билдирди.
Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов ушбу тармоқ ривожига ўз ҳиссасини қўшиш истагида бўлган хорижий инвесторлар учун мамлакатда барча шароитлар яратилганлиги таъкидлади. Жумладан, ACDIMA компанияси раҳбарининг Ўзбекистонга бўлажак сафари давомида хориж делегациясининг Tashkent Pharma Park инновацион тадқиқот ва ишлаб чиқариш фармацевтика кластери фаолияти билан таништириш, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан мақсадли учрашувлар уюштириш, эркин иқтисодий зоналарга ташрифлар ташкил этиш мумкинлиги маълум қилинди.
Томонлар мунтазам мулоқотни давом эттириш ва мавжуд масалалар бўйича фикр алмашиш учун ишчи гуруҳ аъзоларини тасдиқладилар.