Иқтисодиёт | 19:17 / 08.01.2025
8779
9 дақиқада ўқилади

Ислом молияси – “ёстиқ остидаги” пулларни иқтисодиётга чиқаради

Тадбиркорлик ривожланса, иқтисодиёт ривожланади – аксиома. Солиқ тўлайдиган тадбиркорлар кўпайса, давлат ривожланади – буниси ҳам аксиома. Бироқ миллиардлаб пулларнинг Ўзбекистон иқтисодиёти солиқ солинувчи жабҳасига киришини таъминлайдиган институт – исломий молия ривожланмай турибди. Бу ҳақда соҳа мутахассиси Искандар Турсунов сўз юритади.

Ҳозирда жисмоний шахслар, тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилувчиларнинг бизнес фаолиятини молиялаштириш ёки айланма капитал билан таъминлашда мавжуд молиявий тизим барча эҳтиёжларни қондириш учун етарлича имкониятларга эга эмас. Бу асосан молиявий ресурслар ва имкониятларнинг чеклангани билан боғлиқ.

Иқтисодий инклюзивлик ва самарали молиявий тизимни ривожлантириш орқали ушбу тўсиқларни енгиб ўтиш – муҳим.

Аҳолининг айрим қатламлари банклар ва микромолия ташкилотларидан молиявий ёрдам олиш имкониятига эга эмас. Бундай ҳолатлар қуйидаги асосий сабабларга боғлиқ:

  • банклар томонидан белгиланган талабларга мос келмаслик;
  • микромолия ташкилотларида ресурсларнинг чекланганлиги;
  • диний эътиқод туфайли молиявий хизматлардан фойдаланмаслик.

Ислом молияси иқтисодий барқарор ривожланишни таъминлаш, аҳолининг турли қатламларининг молиявий эҳтиёжларини қондириш ва мавжуд молиявий тизим юкини камайтиришда муҳим рол ўйнайди.

У активлар ва хизматларга асосланган бўлиб, ички ва ташқи бозордаги молиявий ресурсларни давлат ва жамият манфаати йўлида самарали йўналтириш имконини беради. Ислом молиясининг активларга асосланганлиги унинг фойдаланувчилари учун ортиқча молиявий талабларни олиб ташлайди.

Islamic Finance Development Report (ICD-REFINITIV) маълумотларига кўра:

  • 2022 йилда Ислом молияси активлари 11 фоизга ўсиб, $4,5 триллионга етган.
  • 2027 йилга бориб бу кўрсаткич $7 триллионга етиши кутилмоқда.

Ислом молияси активларининг бундай тез ўсиши унинг глобал молиявий тизимдаги аҳамиятини оширади. У нафақат молиявий инклюзивликни таъминлайди, балки давлат ва жамият учун адолатли ва барқарор иқтисодий муҳит яратишда ҳам муҳим омил ҳисобланади.

Ислом молиясини тартибга солиш ва ривожланиш истиқболлари

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда Ислом молиясини ривожлантириш учун жиддий қадамлар ташланмоқда. Хусусан:

  • Ҳалқаро ҳамкорлик: Ҳалқаро Ислом молияси институтлари билан ҳамкорликда ҳуқуқий асосларни яратиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
  • Микромолия ташкилотлари учун қоидалар: 2024 йил 27 июл куни Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 3536-сонли қарори билан "Микромолия ташкилотлари томонидан исломий молиялаштиришга оид хизматларни кўрсатиш тартиби тўғрисида"ги низом тасдиқланди. Ушбу низомга кўра, микромолия ташкилотлари салам, музораба, мушорака, муробаха, истисна ва ижара каби маҳсулотлар орқали мижозларни молиялаштириш имкониятига эга бўлди.

Исломий микромолиялаштириш учун низом мавжуд бўлишига қарамай, қуйидаги муаммоларни тезкор ҳал этиш мақсадга мувофиқ бўлади:

  • Солиққа тортиш масалалари

Ислом молияси амалиётлари анъанавий молиявий тизимдан фарқ қилади. Тўғри ва адолатли солиққа тортиш механизмларининг етишмаслиги молиялаштириш жараёнини қийинлаштиради.

  • Ресурсларни жалб қилиш муаммолари

Инвесторлар ва молиявий ресурсларни жалб қилиш учун етарли ҳуқуқий механизмлар мавжуд эмас. Бу мавжуд имкониятларнинг тўлиқ ишлатилишига тўсқинлик қилмоқда.

  • Марказлашган кенгаш ташкил этиш

Ислом молияси амалиётларини мувофиқлаштириш ва стратегик йўналишларни белгилаш учун махсус кенгаш тузиш муҳим аҳамиятга эга.

Муаммоларни ҳал этишда ижрочи вазирлик ва идораларнинг бошқа вазирлик ва идоралар томонидан қўллаб-қувватланиши, шунингдек, тегишли вазифаларни амалга оширишда масъулият ва фаолликни таъминлаш муҳим аҳамиятга эга.

Ислом молиясига талаб

Сўнгги йилларда Ислом молиясига бўлган талаб ҳақида кўп эшитмоқдамиз. Бироқ, тадқиқот натижалари ва ўрганишларга яна бир бор назар ташлаш фойдадан ҳоли бўлмайди.

Баъзи тадқиқот натижалари

БМТ 2019 йилда Ўзбекистонда Ислом молиясига бўлган эҳтиёж, унинг ҳуқуқий асослари ва ривожланиш истиқболларини ўрганди. Ушбу тадқиқот мамлакатда Ислом молияси учун катта бозор салоҳияти мавжудлигини кўрсатди. 2020 йилда ўтказилган сўровнома натижалари шунга далилдир:

  • тадбиркорларнинг 38 фоизи ва жисмоний шахсларнинг 56 фоизи анъанавий банк кредитларидан фойдаланишни рад этишган;
  • агар Ислом молия муассасалари ташкил этилса, тадбиркорларнинг 61 фоизи ва аҳолининг 75 фоизи уларнинг хизматларидан фойдаланишга тайёр эканини билдирган.

Қўшимча маълумот: 2023 йил охири ва 2024 йил бошида Қозоғистонда ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, Ислом молияси маҳсулотларига талаб жуда юқори бўлган. Аниқланган рақамлар:

  • исломий депозитлар: $5,98 миллиард,
  • "ҳозир сотиб олиб, кейин тўлаш" (BNPL) хизматлари: $485 миллион,
  • кафолатсиз исломий қарзлар: $2,18 миллиард,
  • исломий автотранспорт молиялаштириш: $2,26 миллиард,
  • исломий ипотека: $6,21 миллиард.

Жами талаб $15,35 миллиардни ташкил этган. Қозоғистоннинг ушбу рақамлари мамлакатдаги Ислом молияси маҳсулотлари ва хизматлари учун улкан бозор салоҳияти мавжудлигини яққол намоён этади.

Ўзбекистондаги эҳтимолий талаб

Ўзбекистон аҳолиси Қозоғистон аҳолисидан қарийб икки баравар кўп. Демак, Ислом молиясига бўлган эҳтимолий талаб Ўзбекистонда анча юқори бўлиши мумкин. Ҳозирги тахминларга кўра, Ўзбекистонда Ислом молияси маҳсулотлари ва хизматларига минимал $10–15 млрд долларлик талаб мавжуд.

Бу кўрсаткич, агар барқарор ҳуқуқий асослар, молиявий саводхонлик, инфратузилмани ривожлантириш, технологиялардан самарали фойдаланиш ва самарали маркетинг стратегиялари яратилса, бир неча баробарга ошиб, мамлакатдаги ички бозорнинг ривожланишига ва халқаро сармояларни жалб қилишга хизмат қилиши мумкин.

Ислом молияси орқали айланма капитални таъминлаш

Ўзбекистон аҳолисининг тахминан 50 фоизи қишлоқ жойларда истиқомат қилади ва асосан деҳқончилик, чорвачилик, боғдорчилик, тадбиркорлик, ўзини-ўзи банд қилиш ва ҳунармандчилик билан шуғулланади. Бу соҳаларда айланма капитал катта аҳамиятга эга бўлиб, унинг етишмовчилиги ишлаб чиқариш жараёнини секинлаштириши мумкин. Шу ўринда, Ислом молияси айланма капитални таъминлашда самарали ечим сифатида намоён бўлади.

Масалан, салам шартномаси деҳқонларга ҳосилни олдиндан молиялаштириш имконини тақдим этади. Бу эса молиявий қийинчиликларни енгишга ва ҳосил етиштириш жараёнига тўлиқ эътибор қаратишга ёрдам беради. Шу билан бирга, инвесторлар маҳсулотларни бозорларга олиб чиқишда кўмаклашади, ички ва ташқи бозорларда сотув жараёнларини ташкил этадилар. Бу жараён ҳам деҳқонлар, ҳам инвесторлар учун манфаатли бўлиб, адолатли ва барқарор иқтисодий тизимни яратишга ёрдам беради.

Ушбу ёндашув нафақат камбағалликни камайтириш ва иқтисодий барқарорликни таъминлаш, балки озиқ-овқат хавфсизлиги ва ижтимоий адолатни мустаҳкамлашда ҳам муҳим ўрин тутади.

Ислом молиясини солиққа тортиш механизми

Кўплаб давлатларда Ислом молиясини солиққа тортишда солиқ нейтраллиги тамойили қўлланилади. Бу тамойилга кўра, Ислом банк операциялари анъанавий банк операциялари билан тенг солиқ юкламасига эга бўлади. Солиққа тортишда операциянинг иқтисодий моҳияти асос қилиб олинади, яъни юридик шаклдан кўра, унинг ҳақиқий иқтисодий натижалари муҳим саналади.

Ислом молиясида шариат талабларига мувофиқ бўлиш учун қўшимча ҳужжатлар ва жараёнлар талаб этилади. Бу қўшимча жараёнларни солиқ юкламасидан истисно қилиш адолатли ва барқарор солиқ тизимини таъминлаш учун муҳимдир.

Мисол учун, 2020 йилда Филиппинда Ислом молияси учун ҳуқуқий асослар ва солиқ нейтраллиги тамойили жорий қилинди. Филиппинда 119 миллион аҳоли яшайди, уларнинг 6,4 фоизи мусулмонлардир. Бу тажриба шуни кўрсатадики, Ислом молиясини ривожлантириш – мусулмон аҳолининг сонига эмас, балки глобал иқтисодий имкониятлардан самарали фойдаланиш ва адолатли ҳамда инклюзив молиявий тизим яратишга бўлган интилишдир.

Исломий (микро)молиялаштиришда ресурс масаласи

Исломий микромолиялаштириш институтлари мавжуд ресурсларни самарали сафарбар қилиш орқали ўз вазифаларини бажариши мумкин. Қуйидаги чора-тадбирлар ички бозор ресурсларидан фойдаланишга ёрдам беради:

  • исломий банк дарчаларини ташкил этиш орқали депозитларни жалб қилиш ва ликвидликни таъминлаш;
  • анъанавий банклар ва исломий микромолия ташкилотлари ўртасида ҳамкорлик: Ислом молияси қоидаларига мувофиқ, музораба ва мушорака механизмлари асосида ресурсларни жалб қилиш ҳамда молиявий муаммоларни ҳал қилиш;
  • сукук қимматли қоғозларини жорий қилиш: ҳуқуқий асосларни шакллантириб, халқаро ва маҳаллий сармояларни жалб қилиш;
  • ижтимоий Ислом молиясини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиши орқали Вақф мулкчилиги ҳуқуқий асосларини яратиш: "Нақд пул вақфи" моделини жорий этиш ва вақф манбаларидан самарали фойдаланиш;
  • исломий P2P платформаларини яратиш: краудфандинг ва онлайн платформалар орқали сармояларни жалб қилиш ва микромолиялаштиришни тақдим этиш тизимини ривожлантириш;
  • такафул тизимини ривожлантириш: Ислом ҳуқуқига мувофиқ суғурта маҳсулотларини ишлаб чиқиш ва такафул операторларини қўллаб-қувватлаш.

Хулоса ўрнида

Ислом молиясининг самарадорлигини ошириш, уни адолатли ва шаффоф ишлашини таъминлаш, шунингдек, мавжуд қийинчиликларни тезкор ҳал этиш мақсадида Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнидаги вазирлик ва идоралар ўртасидаги самарали ҳамкорлик усулларини Ислом молиясини жорий этишда ҳам қўллаш мақсадга мувофиқ бўлади.

Ислом молияси бўйича хизмат кўрсатувчи молиявий институтлар ва ташкилотларнинг рўйхати, улар кўрсатаётган хизматлар ва шариат қоидаларига мослигини тасдиқловчи ҳужжатлар тегишли масъул вазирлик ёки идораларнинг махсус веб-сайтларида жойлаштирилиши зарур. Бу чоралар Ислом молиясини жорий этиш ва ривожлантириш жараёнида шаффофлик ва ишончни оширишга хизмат қилади.

Искандар Турсунов,
Ислом иқтисодиёти ва молияси мутахассиси

Мавзуга оид