Жаҳон | 11:55 / 23.01.2025
3440
2 дақиқада ўқилади

Фицо давлат тўнтариши таҳдиди юзасидан Словакия Хавфсизлик кенгашини чақирди

Словакия бош вазири «рангли инқилоб» сценарийси остида ағдарилишидан қўрқяпти. Словакиянинг учта мухолиф партияси яна парламентда ҳукуматга ишончсизлик вотуми ташаббуси билан чиқди.

Фото: Jaroslav Novak/TASR Slovakia/AP/dpa/picture alliance

Словакия бош вазири Роберт Фицо 22 январ, чоршанба куни мамлакатда давлат тўнтариши содир бўлиши хавфи туфайли Хавфсизлик кенгашининг 23 январга фавқулодда йиғилишини чақирди. Унга кўра, махсус хизматлар Украина ва Гуржистондаги «рангли инқилоблар»га ўхшаш «хорижий экспертлар» иштирокидаги давлат тўнтариши хавфи ҳақида огоҳлантирган. «Словакиянинг қонуний ҳокимиятини кўча намойишлари ва маъмурий биноларни тортиб олиш орқали ағдариш режалари бор», — деди Фицо.

«Тайёрланаётган модел жуда оддий ва кўплаб мамлакатларда синовдан ўтган. Тасдиқлашим мумкинки, Словакияда Гуржистондаги воқеаларда иштирок этган ва Украинадаги Майданда фаол қатнашган бир гуруҳ экспертлар бор. Улар турли манбалардан молиялаштирилади», деди Словакия бош вазири матбуот анжуманида.

Мухолифат ҳукуматга ишончсизлик вотумини талаб қилмоқда

22 январ куни Словакиянинг учта мухолиф партияси – «Прогрессив Словакия», «Озодлик ва бирдамлик» ва «Христиан-демократик ҳаракат» Роберт Фицо ҳукуматига ишончсизлик вотуми ўтказиш бўйича таклифни парламентга қайта тақдим этди. Овоз бериш етти кун ичида ўтказилиши мумкин. Ишончсизлик вотуми учун 150 депутатдан камида 76 нафарининг розилиги талаб қилинади.

Мухолифат Фицонинг очиқ овоз беришни эмас, балки яширин овоз бериш қарорига норозилик сифатида бир кун аввал парламентдан худди шундай таклифни қайтариб олди. Ишончсизлик вотумига ҳукуматнинг Словакия яккаланиб қолишига олиб келаётган ташқи сиёсати, шунингдек, Фицонинг Россия президенти Владимир Путин билан алоқалари ва Словакиянинг Европа Иттифоқи ва НАТОдан узоқлашиши сабаб бўлди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид