Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Валенсияда ҳукуматга қарши кўп минг кишилик норозилик намойиши ўтказилди
Минтақа раҳбари Карлос Мазон ҳамда унинг ҳукумати истеъфосини талаб қилиб кўчага 25 мингга яқин одам чиққан. Улар октябр ойидаги сув тошқинларида вақтида тезкор чора кўрмаганликда айбланмоқда.
Валенсияда норозилик намойишига чиққан минглаб испанлар минтақа раҳбари Карлос Мазон ҳамда унинг ҳукумати истеъфосини талаб қилди. Улар юзлаб инсонлар ўлимига сабаб бўлган сув тошқинлари вақтида тезкор чора кўрмаганликда айбланмоқда.
Бу Валенсияда 2024 йил октябрдан бери ўтказилган тўртинчи норозилик намойишидир. Унга 25 мингга яқин одам тўпланган.
Карлос Мазон испан жамиятининг улкан босими остида қолди. Унинг маъмурияти табиий офат тўғрисида аҳолини ўз вақтида огоҳлантирмаганликда айбланяпти. Фуқароларга кўра, улар сув тошқини шаҳар кўчаларини эгаллаб бўлганидан кейингина мобил телефонлари орқали фавқулодда ҳолат тўғрисида огоҳлантириш хабарларини олган.
Консерватив Халқ партияси вакили бўлган Мазон, шунингдек, табиий офатга қарши зудлик билан чора кўрмаганликда танқид қилинмоқда.
Жабрланганларга биринчи бўлиб кўнгиллилар ёрдамга келган. Минтақа кучлари полиция ва ҳарбийларни жалб этгунга қадар бир неча кун ўтиб кетган.
Мазон ўз навбатида табиий офат кўламини олдиндан айтиб бўлмаслигини ва ўз маъмурияти марказий ҳукуматдан етарлича маълумот олмаганини билдирган. Октябр ойида юз берган сув тошқинлари оқибатида 224 киши ҳалок бўлган, минглаб одамлар бошпанасиз қолган эди.
Эслатиб ўтамиз, 30 октябрга ўтар кечаси Валенсиянинг бир неча ҳудудларида бир неча соат ичида бир квадрат метрга 300 литрдан ортиқ ёмғир ёғган. Кичик Чива қишлоғида бу кўрсаткич 1 квадрат метрга 491 литр ёмғирни ташкил этди. Бу минтақадаги йиллик ёғингарчиликка тўғри келади. Сув ва лойнинг кучли оқимлари кўприкларни бузди ва одамларни, машиналарни ва ҳатто бутун уйларни олиб кетди.
Сув тошқинидан катта зарар кўрган Валенсия чеккасидаги Пайпорта шаҳрининг юзлаб аҳолиси ҳукумат амалдорларининг ташрифи чоғида норозилик намойиши ўтказган, баъзи намойишчилар Испания қироли Филипп ва қиролича Летисияга лой отган эди.
Мавзуга оид
10:45 / 12.06.2026
Ўзгидромет аҳолини сел ва сув тошқинларидан огоҳлантирди
15:04 / 06.04.2026
Доғистонда сув тошқинлари оқибатида 4 киши ҳалок бўлди
18:24 / 23.11.2025
Ветнамда сув тошқинлари оқибатида 100 га яқин киши ҳалок бўлди
23:51 / 19.05.2025