Интернет тезлигини пасайтиради: иссиқхона газларининг яна бир зарари аниқланди
Янги тадқиқот натижаларига кўра, иқлим ўзгариши Ер атрофидаги паст орбитада жойлашган сунъий йўлдошлар учун жиддий муаммоларни келтириб чиқариши мумкин, бу эса интернет узатилишини чеклайди.

Фото: Unsplash
Массачусетс технология институти (МИТ) олимлари томонидан яқинда ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, иқлим ўзгариши Ер атрофидаги паст орбитада жойлашган сунъий йўлдошлар учун жиддий муаммоларни келтириб чиқариши мумкин. Олимлар аниқлашича, иссиқхона газлари чиқиндилари атмосферанинг юқори қатламларини совитиб, уларнинг сиқилишига олиб келади. Бу эса ҳаво қаршилигининг камайишига сабаб бўлади ва натижада космик чиқиндиларнинг орбитада узоқроқ қолишига шароит яратади.
Ҳозирда сайёра юзасидан 160 километрдан 2000 километргача баландликда интернет ва навигацияни таъминлайдиган 10 000 дан ортиқ сунъий йўлдошлар мавжуд. Бироқ термосфера зичлигининг пасайиши (у 80−90 км баландликдан бошланади) туфайли космик чиқиндиларнинг табиий тозаланиши секинлашади. Кўп сонли жисмларга эга бўлган муҳитда учувчи объектларнинг тўқнашув хавфи ортади.
NASAнинг “Аура” қурилмаси билан боғлиқ ҳолат бундай муҳитда сунъий йўлдош ишдан чиқишига яққол мисол бўла олади. Мониторинг бўлими мутахассислари қурилма траекторияси беқарорлашганини аниқлаган. Иссиқхона газлари миқдорининг кўпайиши атмосферанинг юқори қатламлари ҳарорати ва зичлигининг ўзгаришига олиб келган. Бу эса ўз навбатида мазкур сунъий йўлдош орбитасига таъсир кўрсатган.
Узоқ муддатли истиқболда карбонат ангидрид ва метан Ер атмосферасида тўпланиб боради — уларнинг бундай узоқ вақт атмосферада қолиши натижасида келиб чиқадиган иқлим ўзгаришлари сунъий йўлдош алоқаси ҳамда интернет қамровига таъсир кўрсатиши мумкин. Масалан, экстремал об-ҳаво шароитлари сунъий йўлдошларни учириш ва уларга техник хизмат кўрсатишга тўсқинлик қилади, шунингдек ёмғир ва булутли ҳаво уларнинг ишлашига таъсир этади. Бу эса чекка ҳудудларда сигнал сифатини пасайтиради ва интернет хизматларини чеклайди.
Иссиқхона газлари чиқиндилари тахминан 400 километр баландликда атмосфера зичлигини ҳар ўн йилда 2 фоизга пасайтиради. Вазият шу тарзда давом этса, 2100 йилга келиб 200 километрдан 1000 километргача бўлган баландликларда хавфсиз ишлаш имкониятига эга бўлган сунъий йўлдошлар сони 50-66 фоизга қисқариши мумкин. Бу “тўхтатиб бўлмайдиган беқарорлик” ҳолатига сабаб бўлиши, яъни тўқнашувларнинг занжирли реакцияси юз бериб, муайян орбитал ҳудудлар фойдаланишга яроқсиз ҳолга келиши мумкин.
Бу муаммонинг олдини олиш учун иссиқхона газлари чиқиндиларини назорат қилиш ва коинотда экологик ҳолатни кузатиб бориш зарур. Бундай чоралар келажакдаги сунъий йўлдош миссиялари учун ер атрофида хавфсиз муҳит яратишга ёрдам беради.
Мавзуга оид

23:15 / 12.03.2025
Бразилияда иқлим бўйича ўтказиладиган саммитга тайёргарлик кўриш учун дарахтлар кесиб ташланди

20:43 / 09.03.2025
Африканинг 15 та давлати 2024 йилда интернетни блоклаш бўйича рекорд ўрнатди

22:42 / 02.03.2025
Шимолий яримшардаги жазирама ва қурғоқчилик олимларни ташвишга солмоқда

14:18 / 01.03.2025