Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
АҚШда кучли қор бўрони – фотосуратлар
Мамлакатнинг ярмини қор қоплаган. Юз минглаб кишилар электрсиз қолган, кўплаб штатларда транспорт коллапси юзага келган. 16 мингдан ортиқ авиарейс бекор қилинган – бунақаси ковид пандемияси давридан буён кузатилмаганди.
Фото: Andres Kudacki/Getty Images
АҚШга «Ферн» номини олган қор бўрони ёпирилди. Аввалига мамлакат жануби муздек ёмғир ва қор остида қолган. Қатор штатларда қор қоплами баландлиги 30 сантиметр ва ундан ортиқроққа етган. Кейин эса мамлакат марказий ва шимоли-шарқий қисмида – Колорадо, Иллинойс, Индиана, Миссури, Ню Жерси, Ню Йорк ва Пенсилванияда ҳам кучли қор ёғган. Ню Йоркдаги Марказий хиёбонга 35,5 сантиметр қалинликдаги қор тушган – бу 1905 йилдан буён қайд этилган кунлик рекорд саналади, дея ёзган CNN штат Миллий метеорология хизмати маълумотларига таяниб.
200 миллиондан ортиқ америкаликларга экстремал об-ҳаво ҳақидаги огоҳлантириш юборилган. Қатор штатларда музлаш оқибатида йиқилган дарахтлар электр узатиш линияларини шикастлаган. 25 январ тонгига келиб миллиондан ортиқ киши светсиз эди, деб хабар берган CNN ва Reuters электр энергия ўчирилиши билан боғлиқ вазиятни кузатиб борувчи PowerOutage.us сайти маълумотларига таяниб.
Ню Йорк губернатори Кэти Ҳочул Ню Йорк шаҳрида, Лонг-Айлендда ва Гудзон водийсида бўрон оқибатларини бартараф этишда ёрдам кўрсатиш учун Миллий гвардия қўшинлари сафарбар этилганини маълум қилди. Кўплаб штатларда мактаблар, болалар боғчалари, жамоат кутубхоналари ёпилган. АҚШ президенти Доналд Трамп бўронни «тарихий» деб атаган ва қатор штатларда табиий офат туфайли фавқулодда ҳолат эълон қилинишини маъқуллаган.
Ню Йорк шаҳри мэри Зоран Мамдани якшанба куни аҳолини уйда қолишга чақирган. «Шаҳримизда кучли қор ёғмоқда ва мен уйда қолиш, узоқроқ ухлаш ёки жамоат кутубхонаси таклифидан фойдаланиш учун яхшироқ сабаб ўйлаб топа олмаяпман: китобхонлик чиптасига эга бўлган ҳар бир киши учун электрон ёки аудио китоб шаклидаги „Қайноқ рақобат“дан бепул фойдаланиш мумкин», – деган у.
Дам олиш кунларида бутун мамлакат бўйлаб 16 мингдан ортиқ авиарейс бекор қилинган ва 20 мингга яқини қолдирилган. Flight Aware сервисига кўра, авиакомпаниялар биргина 25 январнинг ўзида 12 минг атрофидаги рейсни бекор қилишган. CBS News бу коронавирус пандемияси ҳақида эълон қилинган 2020 йил мартидан буён энг кўп рейслар бекор қилиниши бўлмоқда.
Фото: AFP via Getty Images
Сўнгги маълумотларга кўра, бўрон ва унинг оқибатлари туфайли камида 14 киши ҳалок бўлган. Теннесси, Канзас, Ню Йорк, Техас, Луизиана ва Мичиган штатлари расмийлари ноқулай об-ҳаво оқибатида рўй берган ўлимлар ҳақида хабар қилган.
Метеорологлар «Ферн» бўронини кенг тарқалаётгани туфайли ноёб бўрон деб атаган. «У Ню Мексика ва Техасдан Янги Англияга қадар бўлган ҳудудларни қамраб олди – яъни гап тахминан 2000 миля (3200 километр атрофида) ҳақида кетмоқда», – дейди Миллий метеохизматлар метеорологи Эллисон Санторелли.
Душанба куни эрталаб ҳам Янги Англиянинг шимолий қисмида, мамлакат шимоли-шарқида ва Аппалачи тоғларининг баъзи ҳудудларида бўрон давом этаётганди. CNN маълумотига кўра, 27 январга ўтар кечасигача қор ёғиши кутилмоқда. Метеорологлар кейинги кунларда «транспорт ва инфратузилма учун хавфли оқибатлар»га олиб келиши мумкин бўлган жуда паст ҳарорат кузатилиши кутилаётганидан огоҳлантирган.
Laura Brett / ZUMA Press Wire / Scanpix / LETA
Olga Fedorova / EPA / Scanpix / LETA
Charly Triballeau / AFP / Scanpix / LETA
Debra L. Rothenberg / ZUMA Press Wire / Scanpix / LETA
John Marshall Mantel / ZUMA Press Wire / Scanpix / LETA
Zhang Fengguo / Xinhua / ZUMA Press / Scanpix / LETA
Mehmet Eser / ZUMA Press Wire / Scanpix / LETA
MPI34 / Capital Pictures / Scanpix / LETA
Brendan Smialowski / AFP / Scanpix / LETA
Michael Nagle / Bloomberg / Getty Images
Jon Cherry / Getty Images / AFP / Scanpix / LETA
Gene J. Puskar / AP / Scanpix / LETA
Jon Cherry / Getty Images / AFP / Scanpix / LETA