Жаҳон | 18:10 / 27.03.2025
9952
6 дақиқада ўқилади

Америкалик вазир машҳур қамоқхонадан туриб ноқонуний мигрантларга мурожаат қилди

АҚШ ички хавфсизлик департаменти раҳбари Кристи Ноэм Салвадорга бориб, Лотин Америкасидаги энг катта қамоқхонада бўлди ва у ердаги маҳбуслар фонида АҚШдаги ноқонуний мигрантларга мурожаат қилди. “Ҳозироқ кетинг! Агар кетмасангиз, биз сизни таъқиб қиламиз, ҳибсга оламиз ва сиз Эл-Салвадордаги мана бу қамоқхонага тушиб қолишингиз мумкин”, дея ёзди Ноэм X ижтимоий тармоғидаги саҳифасида.

Фото: Reuters

АҚШ ички хавфсизлик департаменти раҳбари Кристи Ноэм 26 март куни Салвадорга ташрифи вақтида дунёдаги энг катта қамоқхоналардан бири – Cecot’га борди. Яқинда Америка ҳукумати Венесуэланинг жиноий гуруҳларга алоқадорликда айбланган 238 нафар фуқаросини шу ерга юборганди.

Ноэм ижтимоий тармоқлардаги видеомурожаатида «Америкадаги террорчиларни бу ерга олиб келиб, панжара ортига қамаб қўйгани» учун Салвадор ҳукуматига миннатдорчилик билдирган .

Ушбу видеода у панжарали камера фонида гапирган, унинг ортида Салвадорда MS-13 ва «Баррио-18» номлари билан машҳур жиноий тўдаларнинг қамалган аъзолари турган.

«Мен Салвадор президентига жиноятчиларни ушбу қамоқхонага жойлаштиришда АҚШ билан ҳамкорлик қилгани учун миннатдорчилик билдираман.

Аввало, АҚШга ноқонуний келманг. Сиз чиқариб юбориласиз ва жиноий жавобгарликка тортиласиз. Шуни билиб қўйингки, бу қамоқхона Америка халқига қарши жиноят содир этганингизда қўллашимиз мумкин бўлган воситалардан биридир», – деган Кристи Ноэм.

«Президент Трамп ва мендан ноқонуний жиноятчи мигрантларга аниқ хабарим бор: ҲОЗИРОҚ КЕТИНГ! Агар кетмасангиз, биз сизни таъқиб қиламиз, қамаймиз ва сиз Салвадордаги ушбу қамоқхонага тушишингиз мумкин», – дея ёзган Ноэм X'даги саҳифасида.

АҚШ ички хавфсизлик вазирининг Салвадорга сафари судлар венесуэлаликларни чиқариб юбориш қарорини ноқонуний деб топганига қарамай, АҚШ президенти Доналд Трамп маъмурияти миграция сиёсатидан воз кечмоқчи эмаслигидан далолат беради, дейилади BBC шарҳида.

Ноэм Салвадорга ташрифи чоғида Трампнинг иттифоқчиси, Салвадордаги «Терроризмга қарши кураш маркази» (Cecot) деб номланган ушбу мегақамоқхонани қурган президент Наиб Букеле билан учрашишни режалаштирмоқда. Салвадор ҳукумати у ерга 40 минггача маҳбусни жойлаштириш мумкинлигини билдирган.

Букеле Америка расмийларига бу қамоқхонага АҚШдан депортация қилинганлар ва маҳбусларни жойлаштиришни таклиф қилган. Бу баёнотлар Қўшма Штатларда ҳам, Венесуэлада ҳам норозилик тўлқинини келтириб чиқарди: депортация қилинган венесуэлаликларнинг қариндошлари уларнинг яқинлари жиноий тўдалар фаолиятига алоқадор эмаслигини айтишмоқда.

Ноэм мега-қамоқхонани кўздан кечираётган маҳалда Америка суди АҚШдан келган муҳожирларни бу ерга жўнатиш амалиётига қарши яна бир қарор қабул қилди.

Вашингтон апелляция суди бошқа суд инстанциясининг венесуэлаликларни 1798 йилда қабул қилинган «Чет элликлар ва исёнга ундаш тўғрисидаги қонунлар» асосида депортация қилишни тўхтатиш тўғрисидаги қарорини қўллаб-қувватлади. Ушбу қонунлар АҚШ ҳукуматига ҳар қандай чет элликни судсиз депортация қилиш имконини берарди.

El Salvador presidential office

Судя бу қонун фақат бошқа давлат билан уруш бўлган тақдирда қўлланиши мумкин, шунинг учун унинг асосида депортация дарҳол тўхтатилиши керак, деб қарор чиқарди.

Судялардан бири ўтмишда бу қонунни қўллашда «ҳатто нацистларга ҳам яхшироқ муносабатда бўлишгани»ни таъкидлади.

Ҳуқуқ ҳимоячилари ва ҳуқуқшуносларнинг таъкидлашича, баъзи венесуэлаликлар етарлича айблов далилларисиз, баъзан шунчаки татуировкалари бўлгани учунгина мега қамоқхонага жўнатилмоқда.

Инсон ҳуқуқлари гуруҳлари қамоқхонанинг ўзини маҳбуслар деразасиз, матрассиз ва чойшабсиз металл каравотлар билан камераларда сақланадиган улкан «темир-бетон қоп» деб таърифлайди.

Оқ уй эса чиқариб юборилган мигрантларнинг барчаси хавфли бандитлар бўлиб, уларнинг жиноий гуруҳларга алоқадорлиги синчковлик билан текширилганини иддао қилади.

El Salvador presidential office

Бу вақтда эса Салвадордаги бир гуруҳ ҳуқуқшунослар мамлакат Олий судига депортация қилинган венесуэлаликларни дарҳол озод қилиш талаби билан петиция киритди. Ушбу ҳужжат, катта эҳтимол билан, Венесуэла ҳукумати кўмагида юборилган.

Доналд Трампнинг сайловолди кампаниясидаги асосий ваъдаларидан бири ноқонуний миграцияга қарши қатъий кураш эди. Жумладан, Оқ уйнинг амалдаги раҳбари Америка тарихидаги энг йирик депортация операциясини ташкил этиш ниятида эканини маълум қилган.

Январ ойида Трамп Венесуэланинг Tren de Araguа ва MS-13 жиноий гуруҳларини хорижий террорчилик ташкилотлари деб тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолаганди.

Ҳозирда АҚШ чегарасини ноқонуний кесиб ўтишлар сони сўнгги ўн йилликлардаги энг паст кўрсаткичга тушиб кетган бўлса-да, Трамп маъмурияти депортация суръатлари нисбатан паст даражада эканидан норози бўлмоқда.

Маълумотларга кўра, жиноят содир этган ёки депортация қарори чиққан 1 миллион кишини чиқариб юбориш кўзда тутилган.

Трамп маъмурияти ноқонуний мигрантларни сақлаш ва чиқариб юборишда ҳарбий куч ва базалардан, шунингдек Америка қитъасидаги бошқа давлатлар қамоқхоналаридан фойдаланишни бошлаган.

Аввалроқ, АҚШ ҳукумати осиёлик, шу жумладан ўзбекистонлик муҳожирларни давлатдан тезроқ чиқариб юбориш учун Панамага депорт қилишни бошлагани маълум бўлганди.

АҚШ Ички хавфсизлик департаменти (Department of Homeland Security, DHS) 2003 йилда ташкил этилган федерал агентлик бўлиб, унинг асосий вазифаси Қўшма Штатлар хавфсизлигини турли таҳдидлардан, жумладан терроризмдан ҳимоя қилиш, киберхавфсизлик ва чегара хавфсизлигини таъминлаш, табиий офатларга қарши курашишдан иборат.

Мавзуга оид

Эълонлар

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери